09 August 2011
06:12 - АҚШда ишлар чатоқ: Dow Jones индекси ўтган йилнинг сентябрь-октябрь даражасига тушди
АҚШда дефолтнинг олдини олувчи бюджет тасдиқланишига қарамасдан, Dow Jones индексининг ўпирилиши давом этмоқда. Кеча у яна 635 даражага, яъни 5,55 фоизга тушиб, абсолют миқдори 10810 бўлди. Бу сўнгги кунлардaги ўпирилишларнинг энг каттаси бўлди.

Маълумки, бу индекс молиявий кризис туфайли 2008 йилнинг августидан 2009 йилнинг февралигача икки баравар тушгач, ўшандан бери зиг-заг шаклда бўлса ҳам мунтазам ортиб бораётган эди. Аммо, кечаги ўпирилиш туфайли Dow Jones 2010 йил сентябрь-октябрь ойларидаги даражага тушиб қолди.

Dow Jones индексининг 5,55 фоизга тушиши - ҳиссаларнинг қиймати шунчага тушганини кўрсатади. Бундай тенденция яхши эмас, аммо у қисқа вақт бўлса, давлат миқёсида фожеа ҳам эмас. Ҳозир нақд пулга муҳтож бўлиб, ҳиссаларини сотганлар ютқазишади, сотиб олганлар ютади.