08 August 2011
03:30 - Абдураҳим Пўлат: Жиноят деса бўладиган даражадаги хатолар қилаётган Обидхон Қоридан лидер чиқмайди

Ўтган куни сайтимизда эълон қилинган мақоламда Обидхон Қорининг “Озодлик” радиосидаги суҳбатига муносабат билдиришни ваъда берган эдим. Ҳозир шуни қилмоқчиман. Мен ўша ердаёқ, Обидхон Қорини чаласавод дедим, гапларини алжираш деб баҳоладим. Бу фикримдан воз кечиш ниятим йўқ.

Мусулмончиликда Қуръонни қироат билан ёддан ўқийдиган одамни Қори дейдилар. Шу маънода Обидхон акамиз ростдан ҳам Қори бўлсалар керак. Аммо, ҳар қандай ақли расо одам тушунадики, Қуръонни ёддан ўқишгина саводнинг кўрсатгичи бўлолмайди, савод – ёдлаб олинган нарсаларни қанчалик тўғри тушуниш, уларни бошқаларга қанчалик тўғри тушунтиролиш каби қобилиятлар билан ўлчанади.

Муқаддас китобларимизда, билган билан билмаган тенг бўлоладими, деган маънодаги сўзлар бор. Мен кўп нарсани биламан ва шу билганларим асосида Обидхон Қоридек уламоликка даъво қилаётган одамнинг гапларига ҳам танқидий қарашга кучим етади. Ҳозирги мақсадим - шу пайтгача уламоларнинг гапларига қулоқ солавериб, дунёнинг энг қолоқ қисмига айланган мусулмонларни, биринчи навбатда, ўзбек мусулмонларини, уламоларимизнинг гапларини Оллоҳ ёки пайғамбаримзнинг гапларидек мутлақо тўғри нарсалар деб қабул қилиш одатидан қутилишга чақириш, шундай одатдан қутилсакгина бу дунёда, энг камида, бошқалардан бунчалик орқада қолиб кетмайдиган уммат бўла олишимизни ҳаммага тушунтиришдир. Тўғрироғи, тушунтиришга интилишдир.

Бу мавзуда китоблар ёзиш мумкин ва ҳатто керак. Аммо, менинг бунга вақтим ҳам йўқ, бу менинг вазифам ҳам эмас, шу сабабли жуда қисқа бўлишга ҳаракат қиламан. Ўта назокатлик билан қисқа гапириш мумкин эмас, демак, қўполроқ бўлишим мумкин. Буни ҳам тўғри англаш керак.

Юқорида, қисқа бўлиш учун, ҳаммадан орқада эканлигимизни айтдим. Бир-икки одам “Нотўғри, ҳеч кимдан орқадамасмиз, Обидхон Қори ҳам Озодлик радиосидаги Сиз танқида қилаётган чиқишларида қўлимизда телефон, компютерлар борлигини айтдилар, демак, ҳамма билан тенгмиз дейишлари муваффақ, менга бу каби сафсаталарни олдин ҳам айтишган. Ҳақиқат шундан иборатки, сўнгги асрларнинг ҳамма янгиликлари ғайримусулмонлар тарафидан яратилди, улар бу неъматлардан бизга ҳам фойдаланиш имкониятини бердилар. Оталарига раҳмат! Агар, бир маҳаллар АҚШ СССРга компютерлар ҳам сотишни таъқиқлаб қўйгани каби, Ғарб мусулмон дунёсига санкциялар киритса эди, ҳали ҳам кечалари шам ёқиб, кундузлари рессораси ҳам бўлмаган Қўқон араваларида юрган бўлардик.

Мен Обидхон Қорини 1990 йилнинг бошларидан танийман. Ўша пайтда Пишпек кўчасида “Бирлик” халқ ҳаракатига офис сифатида ишлатиш учун ҳукумат тарафидан берилган эски бир бино бор эди. У киши ҳафтада бир марта келиб, ўша ерда бўлган фаолларимизга дин дарси берар эдилар. Айнан “Бирлик” ва шахсан менинг ўзим дин эркинлиги учун ҳам курашаётганимизни билардилар. Бизни олдимизга келишларининг сабаби – шу курашимиздан хабардор эканликлари, бизнинг тарафдоримиз эканликлари бўлган

Шундай дарслардан бирида, Обидхон Қори келажакада ҳамма мусулмон бўлиши муқаррар эканлигини, мана хатто Майкл Жексон Исломни қабул қилганини фахрланиб гапириб қолдилар. Хафсалам пир бўлди у кишидан. Чунки, Майкл Жексон мусулмон бўлганлиги билан фахрланиш ўта ибтидоийлик аломати эди. Қолаверса, бир неча йилдан кейин Туркияга келганимдан кейин ўргандимки, Майкл Жексоннинг ўзи эмас, акасими ё укаси мусумончиликни қабул қилгани  ҳақида тасдиқланмган хабар тарқалган экан.

 

Бир оғиз сўздан шунчалик ўзгардингизми, деб менга ақл ўргатувчилар топилса керак. Бир оғиз сўздан оламшумул хулосалар чиқарганим ва улар ҳар доим тўғри бўлиб чиқаётганининг исботи жуда кўп. Қолаверса, бундай нарсалар фақат Обидхон Қори билан бўлган эмас.

 

“Бирлик”нинг митингларини “кўча чангитиш” деб баҳолаган Салой Мадамин аслида шу икки оғиз сўзи билан ўшанда тамом бўлганини ҳаммадан олдин мен тушунганман. Ўзига ҳам буни айтганман. Уни аввал Ислом Карим саҳнада ушлаб турди, энди Озодлик ва ББС радиоларигина унинг номини чиқариб туришга ўлиб-қутилиб ҳаракат қилиб ётишибди. Фойдаси йўқ.

 

Энди Ислом Каримнинг ўзини олайлик. Ўзбекистондек мамлакат раҳбари, ўзини сиёсатчи эмас, иқтисодчи эканлигини урғулайдиган бу одам 1990 йили СССРда пул алмаштирилиб, алмаштириш учун 2 ҳафта вақт берилганда, биз 3 ҳафта берамиз деган. У Москва қўлида бўлган Марказий Банк тарафидан чиқариладиган пул 2 ҳафтадан кейин похол бўлишини тушунмайдиган одам эканлигини унинг шу икки оғиз сўзидан дарҳол тушунганман. У ҳозир ҳам шундай ва Ўзбекистонни хароб қилишни ҳали ҳам давом эттирмоқда. Энди буни ҳамма билади. Тарих унга шу каби ишларидан чиқиб баҳо беради.

Менинг фикримча, Обидхон Қори, Салой Мадамин ва Ислом Каримлар моҳияти билан бир хил одамлар. Уларни жамиятга таъсир кўрсатолмайдиган нуқтада ушлаб туриш механизмлари яратмасак, жамиятимиз ҳам ўша уч киши каби ибтидоийлик ва қолоқликдан чиқолмайди.

Қолаверса, Обидхон Қорининг ибтидоийлиги, ўйламсдан алжираверишининг бошқа мисоллари ҳам кўп. 90 йилнинг охирларида Озодлик радиоси ҳафтада бир марта бу киши билан диний мавзуда суҳбат каби дарс ўтказарди. Ўша даврда бу радиони ҳар куни эшитардим. Чунки, Истанбулда яшардим, у пайтда Ўзбекистонга телефон қилиш ҳам осон иш бўлмаган, Интернет йўқ. Озодлик радиоси Ўзбекистондаги воқелардан оператив хабардор бўлиб туришнинг бирдан-бир йўли эди.

 

Ўша суҳбатларнинг бирида Обидхон Қори шундай дедилар: “Оллоҳ ҳамма кашфиётларни мусулмонларга буюрган. Американи ҳам мусулмонлар кашф этган (Ал Бирунийни назарда тутмоқдалар эди, албатта), Колумб у ерга адашиб бориб қолган.” Ана холос. Мана қориларимизнинг аҳволи. Сўнгги 500-600 йилда ҳамма буюк кашфиётлар насронийлар тарафидан қилинди, мусулмонлар лампа чироқ ҳам яратолмадилар. Бутун умрини Европадан Ҳиндистонга яқинроқ йўл топишга бағишлаб, Америкагача етиб борган саёҳатчи-олим Колумб эса, адашиб Американи топиб қолган эмиш. Бундан ортиқ ибтидоийлик бўладими?.

Мен шуларни билганим сабабли, Обидхон Қорининг шу кунларда Озодлик радиосидаги тахминан бир соатлик чиқишини зўрға тингладим. Сарлавҳага радио ходимлари тарафидан “Мусулмонлар демократияга ҳам тайёр” эканлиги ҳақидаги сўзлар ҳам қўшилгани сабабли тингладим. Чунки, демократиянинг асосий принципларидан бири – дунёвийликдир. Ислом дини исломий давлатдан бошқа нарсани тан олмайди. Мен кўп марта айтаётганимдек, Исломда чуқур ислоҳотлар ўтқазилиши, хусусан, Ислом дунёвийлик принипини қабул қилиши керак. Сарлавҳани ўқиб, қоримиз ҳам мен айтган ислоҳотлар тарафдори бўлиб қолдиларми, деб ўйладим, ҳатто. Кейин кўрдимки, радиодагилар ёлғон гапиришган. Обидхон Қори Жаҳонгир Муҳаммаднинг “гина-кудуратни унутиш” ҳақидаги ибтидоий сўзларини “муросию мадора” шаклида қайтарган холос. Демократияга тайёр эканлиги ҳақида бир оғиз сўз ҳам йўқ.

У киши қамоқхоналардаги мусулмонларга рўза тутишга ҳам имкон берилмаётгани сабабли, ўша рухсат бермаганларга, ҳам насиҳат шаклида, ҳамда жаҳаннамга тушиш таҳдиди билан, бундай қилмасликни маслаҳат қилибдилар. Органларнинг одамлари қанчалик ваҳший бўлиб кетгани маълум бўлса ҳам, маслаҳат мутлақо фойдасиз бўлса ҳам, уни яхши ният билан айтиган гап сифатида қабул қилавериш мумкин эди. Аммо, қани энди тарихни билмасам эди, мен ҳам “офарин” деб ўтираверардим. Ўша заҳоти, ростдан ҳам бўлиб ўтган бир воқеани эсладим. Вақти аниқ эсимда йўқ, аммо уни кўпчилик билади, Тошкентда Ўзбекистон Ислом Уйғониш Партиясининг қурултойини ўтказишга ҳаракат бўлган. Қурултой Обидхон Қори имомлик қиладиган масчитда бўлади дейишди. Мен ҳам таклиф қилингандим. Айтилган вақтда масчитга бордим. Обидхон Қорининг ўзидан бошқа ҳеч ким йўқ. У киши қурултой Тўқимачилар Саройида бўлишини, аммо охирги дақиқагача бу сир тутилганини айтдилар.

 

Ўйлайманки, шошилинчда ҳаммага бу ўзгаришни билдиришолмаган. Кейинчалик бу ерга келган Дадахон Ҳасан, Доғистондан муҳмон сифатида келган уч йигит ва яна бир неча киши ҳам ўзгаришдан хабарсиз бўлишган экан. Масчитга орқамдан дарҳол 5-6 милиционер кириб келди ва мени зўрлик билан милицияга олиб кетишди. Ўша пайтда, ҳозирдан фарқли ўлароқ, милиционерларнинг ва умуман орган одамларининг ҳам каттагина қисми бизнинг тарафдоримиз бўлган, қолганлари ҳам ҳозиргидек ваҳшийлашмаганди. Шу сабабли, Қоримиз уларга ўша пайтда маслаҳат бериб, уларни инсофга чақирсалар, Оллоҳнинг уйида бу каби ишлар қилиш хатолигини гапирсалар эди, ўйлайманки, мени, энг камида, масчитнинг ичидан ушлаб олиб кетишмасди, у кишининг сўзлари милиционерларга ҳам таъсир қилган бўларди ва уларнинг онгида из қолдирарди. Аммо у киши оғиз ҳам очмадилар. Энди, Швецияга борволиб, бир ҳовуч одамгина эшитадиган радиодан радио эшитмайдиган орган одамларига маслаҳат беришдек мантиқсизлик бўладими, бунинг фойдаси борми?

Ўша куни мен милициядан қўрққаним йўқ, мени тўғри судга обориб, янглишмасам, 800 сўм жарима солиб қўйворишди, Дадахон Ҳасан ва уч доғистонлик билан ҳам шундай бўлди. Лекин, Обидхон Қорининг жим қолиши энг ёмон нарса эди. Гап фақат у кишидан эмас, ҳамма Ислом уламоларида эканлигини англатиш учун бошқа мисолларни келтираман.

Ўша ойларда Андижонга борганимда, маҳаллий сафдошларимиз Абдували Қори билан учраштиришмоқчи бўлишди. Улар воситасида учрашув вақти ҳам тайинланди. Келишилган вақтда у ерга борсак, Абдували Қори кулгидан бошқа нарсага арзимайдиган бир баҳона билан қаергадир кетиб қолибдилар. Табиий, у киши қўрқиб қочган, аслида. Қурқув биздан эмас, табиий, Ислом Каримдан. Кейин у кишини барибир йўқ қилишди. Обидхон Қорининг айтишича, балки, Абдували Қори ҳали ҳам тирик ва МХХ қўлида оғир аҳволда ётибди. У киши ҳаётда қолишларини чин кўнгилдан истайман. Аммо, Абдували Қори кабилар ўша вақтда дин эркинлиги тарафдори эканлигини очиқча гапираётган “Бирлик” билан биргаликларини очиқча намойиш қилишса эди, режим бунчалик ваҳшийликлар қилишга журъат этолмасди.

Ўша пайтда Наманганга ҳам бордим. У ердаги сафдошларимиз Наманган, Андижон ва Фарғона вилоятларининг бош имомлари билан мени бир диндор сафдошимизнинг уйида учраштиришди. Бу учрашувнинг тафсилотларини аввалги хотираларимдан бирида ёзганман, у “Ҳаракат” журналида эълон қилинган. Яъни, қоғозда ҳам бор. Шу сабабли, бу ерда жуда қисқа бўламан.

Мен уларга мавжуд режим билан биргаликда курашиш лозимлигини, акс ҳолда, мавжуд режим бизни йўқ қилолса, кейин навбат уларга келишини гапирдим. “Йўқ, - дейишди улар очиқчасига. - Ҳозир Ислом Карим динга йўл бермоқда, масчитлар ва ҳатто мадрасалар қуришга рухсат бермоқда, биз уни тўла қўллаб-қувватлаймиз. Бутун Ислом дунёсининг кўзи ўнгида Ислом Карим бизни йўқ қилишга журъат этолмайди”. Бироз баҳслашдик, улар ҳеч нарсани тушунишмасди. Ниҳоят, жаҳл устида қўпол гапирганим ҳам эсимда: “Ўзбекистон чумчуқнинг кўтидек бир кичкина жой. Каримов фақат сизларни эмас, бутун миллатни йўқ этиб ва Ўзбекистонни шудгор қилиб, бу ерда ўзи аввалдан шудгор эди, ҳеч ким яшамаган деса, Ислом дунёсидан биронта овоз ҳам чиқмайди”.

 

Дарвоқе, ўша уч имомни 1-2 йилдан кейин, яъни ҳукумат биздан "қутилгандан" кейин, минг афсуски, режим зиндонларига чиритишга ташлашган. Йиллардан кейин, Фарғона вилояти имомини тузалмайдиган касал бўлиб қолгани сабабли чиқариб юборишганини эшитган эдим.


Хуллас, Ўзбекистон режими, биз демократларни фалаж ҳолга келтиргандан кейин, мусулмонлар устида нима хоҳласа шуни қилмоқда. Қани Ислом дунёсидан бирон овоз чиқмоқдами? Яхшиямки, насронийлар бизни ҳимоя қилишмоқда. Акс ҳолда, Ўзбекистонни ростдан ҳам шудгор қилиб қўйишарди.

Демоқчиманки, ҳозирги режимнинг мустаҳкамланишида “Бирлик”нинг митингларини “кўча чангитиш” деб баҳолаб, мухолифатни парчалаган Салой Мадамин билан биргаликда, бу воқеаларни кўриб туриб миқ этмаган ва бир хиллари очиқчасига, бошқалари индамасдан Ислом Каримни қўллаб-қувватлаган Обидхон Қори, Абдували Қори, ўша водийлик уч имом ва бошқа кўплаб Ислом уламоларининг айби бор. Бу шунчаки айб эмас, бу миллат ва мусулмонларга нисбатан қилинган жиноятдир.

Яна, демоқчиманки, Обидхон Қори ва у кабилар миллат ва уммат олдида кечирим сўрашлари, номақбул ишлари учун тавба қилишлари керак. Агар улар ўз вақтида митингларимизни “кўча чангитиш” деган хоинларни қоралаб, ҳаммани “Бирлик” атрофида бирлашишга чақиришса эди, миллат ҳам динимиз ҳозирга аҳволга тушмаган бўларди.

Обидхон Қори Озодлик радиосидаги чиқишида ҳозирги ҳукуматга қарши нозўравонлик усуллари билан курашиш тарафдори эканлигини уруғулаб, одамларни ўша Салой Мадамин бошчилигидаги Ўзбекистон Халқ Ҳаракатини дастаклашга ҳам чақирибди.

У замон нима учун ”Бирлик”ни дастакламаслик кераклигини айтиш керак эди-ку. Қоримиз сиёсий ишларга киришар экан, озгина сиёсатни ўрганиши керак-ку. Бугун мухолифатнинг асосий кучи бўлган “Бирлик”ни эмас, келажаги йўқ Ўзбекистон Халқ Ҳаракатини дастаклашга чақириш – яна ҳаммани бир-бирига қарши қўйишдан, эски хатоларни такрорлашдан бошқа нарса эмас-ку!

Гўёки нозўравонлик усулларига асосланган Ўзбекистон Халқ Ҳаракатининг 53-54 лақабли раҳбари Салой мадамин "Бирлик"нинг айнан нозўравонлик йўли бўлган митингларини “кўча чангитиш” деган одам-ку! У Ўзкомпартия рўйхатидан альтернативсиз депутат бўлиш ва Ислом Каримдан иккита квартира олиш эвазига миллатга хиёнат қилган одам-ку! Акромийлар кечагина қурол ишлатиб қон тўккан ва тинч аҳолининг ўққа тутилишига сабабчи бўлганлар-ку! Ёки, қоримиз буларни ҳам эсидан чиқариб қолдими ёки бундай нарсаларни тушунмайдими?

 

Демак, уламоларимизнинг ақли ҳам кирмаяптими ёки улар мусулмонларни аҳмоқ деб ҳисоблайдими? Хуллас, 53-54 лақабли Салой Мадамин коммунистлар тарафидан аввал ишлатилиб, кейин тепиб юборилгач, террор ишига ҳам аралашган одам эканлиги, акромийларнинг 2005 йил 12 май куни кечаси қилган ишлари террористликдан бошқа нарса эмаслигини ҳисобга олсак, бу чақириқ кўп нарсадан хабари бўлмаган ва фақат Обидхон Қорини эшитаётган оддий бечора ўзбек мусулмонларига қарши навбатдаги жиноятга қўл уриш-ку! Қолаверса, бу - пасткашлик ва тубанлик-ку!

Нима қиласиз, тушунмаган нарсаларингизга аралашиб, дейишга мен ва мен кабиларнинг ҳаққи бор эмасми, Қори ака?

Бошқа тарфдан, хўш, Обидхон Қори ўзининг олдинги хатоларини, яъни жиддий ва мусулмонларнинг бугунги аҳволга тушишида муҳим роль ўйнаган ўз хатоларини, бундан ташқари, Салой Мадамин ва акромийларнинг хатоларини тан олиб, энди хатолар қилинмаслигига ваъда берса, унга мусулмонлар ишонадими? Бир марта хато қилган одам, бошқасини яна қилмайдими, фақат хато қилаверадиганларни эмас, хато қилмаганларни қўллаб-қувватлайлик, деб ҳеч ким ўйламаса ҳам, уларга буни биз эслатамиз. Шундан кейин на Обидхон Қори на Ўзбекистон Халқ Ҳаракати кетидан борадиган тўртта аҳмоқ топилмайди. Чунки, кўр ҳам ҳассасини бир марта йўқотади.

 

Шуни тушунгани учун, Қоримиз ўтмишни яшириб, мусулмонларни ўзича аҳмоқ қилмоқчи эмасми?

Демак, масалага қайси тарафдан қараманг, Обидхон Қорининг ҳам, Салой Мадамиининг ҳам, акромийларнинг ҳам халқнинг эътиборини қозониш шанслари мутлақо йўқ.

 

Пайғамбаримиз хурмо ёки қуритилган хурмо билан оғиз очганларини билмайдиган ўзбек энди қолмади. Мусулмонларнинг олдида шунча муаммо турганда радиога чиқиб, хурмо ҳақида гапириш билан обрў қозониб бўлмайди. Қуръоннинг динимиз фарзларига оид фундаментал масалаларини тафсир этишда чалкашликлар мавжуд. Динимиз ислоҳотларга муҳтож. Уламоларимиз эса, хурмо билан овора.

 

Шундай экан, бекорчи алжирашлар ўрнига, уламоликни ҳам ташлаб, оилангиз билан машғул бўлаверинг, Қори ака. Шубҳа қилманг, миллат ва уммат ҳар қадамда хато қилавермайдиган, мусулмонларни қолоқликдан илғорликка олиб чиқиш йўлларини кўрсатоладган бошқа лидерлар топади.