24 July 2011
07:11 - Афғонистонда қулаб тушган Озорбайжон юк учоғи экипажининг жасадлари бугун Бокуга олиб келинади, уларнинг ичида Ўзбекистон фуқаролари бор
Хабарлардан маълумки, Озорбайжоннинг Silk Way авиакампаниясига оид ИЛ-76 юк учоғи шу йил 5 дан 6 июлга ўтар кечаси Афғонистонда қулаб тушган эди. Ҳалокатнинг асосий версияси сифатида учоқ толиблар тарафидан уриб туширилгани айтилса ҳам, шу пайтгача бу ҳақда аниқ маълумот йўқ.

Аммо, 9 кишилик экипажнинг 5 нафари Озорбайжон, 4 нафари Ўзбекистон фуқароси эканлиги ўша вақтдаёқ билдирилганди. Озорбайжон ҳукумати махсус комиссия тузиб, ҳалокат тафсилотларини ўрганиш ва экипаж аъзоларининг жасадини топиб, Озорбайжонга олиб келиш вазифасини топширгани ҳам маълум.

Бугунги расмий хабарда айтилишича, комиссия экипаж аъзоларига оид жасадларнинг парчаларини топган. ДНК-экспертиза ўтказлиб, баъзи жасадларнинг кимга оид эканлиги аниқланган, баъзиларни аниқлаш имкони бўлмаган. Ҳозир жасадлар ёки уларнинг парчалари Қобул касалхоналаридан бирида сақланмоқда. Бугун уларни Бакуга олиб келиш режалаштирилган.

Яна шу ҳам маълумки, Ўзбекистон тарафи текширишлар натижаларини ҳам кутиб ўтирмасдан, Silk Way авиакампаниясида ишлайдиган ўз фуқароларини чақириб олган. Уларнинг сони ҳақида маълумот йўқ.

2005 йилда қурилган бу учоқ ҳарҳолда Тошкентдаги заводнинг маҳсулоти бўлса керак. 40 тонна юк кўтаролади. Охирги марта техник назоратдан шу йил февраль ойида ўтган экан. У 5 июль куни кечқурун Бокудан 28 тонна юк олиб, Афғонистонга кетган, Қобулга етмасдан ҳалокатга учраган.