15 July 2011
04:18 - Франция элчилигида Бастилиянинг олиниш куни нишонланди
Бугун французларнинг энг катта байрами — подшоҳлик йиқитилиб, замонавий давлатчилик асослари яратилишга бошланган кун Тошкентдаги Франция элчилиги биносида ҳам тантана қилинди. Анжуманга халқаро ташкилотлар, дипломатик корпус ваколатхоналари, жамоатчилик вакиллари, журналистлар, фуқаролик жамияти вакиллари таклиф этилишди. Элчихона маъмурлари Бастилия озодлигини ифодаловчи куй-қўшиқлар оҳангида зиёфт беришди, нутқ ирод қилиниб, бу куннинг аҳамияти яна бир марта тилга олинди, дейди мухбиримиз.

Бу кун французларнинг энг катта байрами, янаям тўғрироғи, Европада демократиянинг ривожланиши йўлидаги муҳим қадам бўлган кун. Бу куннинг расмий номи – Бастилиянинг олиниш куни. Маълумки, 1370-1381 йиллари қурилган Бастилия қўрғони аввал оддий қамоқхона эди. Аммо у кейинчалик режим мухолифатчилари чиритиладиган жойга айлантирилгани сабабли, монархиянинг рамзига ҳам айланган.

1789 йил 14 июлда инқилобга чиққан французлар бу қўрғонни ишғол қилдилар ва монархиянинг тарихига нуқта қўйдлар. Бугун французлар 1790 йилда, яъни инқилобдан бир йилча кейин бузиб ташланган Бастилия қамоқхонаси ўрнидаги Бастилия майдонида рақсга тушиб ва ашуллар айтиб, замонавий Франция давлатининг асосий байрамини нишонлайдилар.