13 July 2011
21:25 - Миршаблар қутурди, судлар уларнинг жирканч манфаатини қонунлаштирмоқда
Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамиятиятининг шу номдаги бугун тарқатилган 27 сонли пресс-релизида Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 119-моддаси (Жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб ёки ишлатмай ғайритабиий усулда қондириш) билан очилган жиноий ишлар таҳлил қилинади.

Масалан, жамиятга мурожаат қилган Тошкент шаҳар Олмазор тумани Гуручариқ кўчаси 11-уйда яшовчи фуқаро Наргиза Низомова 1989 йилда туғилган ўғли Нодирхоннинг Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 119-моддаси (Жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб ёки ишлатмай ғайритабиий усулда қондириш) билан айбланиб, 10 йилга озодликдан маҳрум қилинганини билдирган. Иш материалларига кўра, 15 ёшли А. Ш. исмли фуқаро Олмазор тумани ИИБга 2011 йилнинг 18 март куни бу хусусда мурожаат қилган, ариза асосида жиноят иши қўзғатилган. Аммо, тайинланган экспертиза хулосалари зўрлаш ҳолатининг содир бўлмагани, жиноят излари йўқлигини кўрсатиши, кейинчалик жабрланувчи туҳмат қилганман, дея аризасини қайтариб олишига қарамасдан Нодирхон жазоланган.

Айнан шундай воқеа Тошкент вилояти Янгийўл тумани Йўлдошбой кўча Шодлик кўчаси 33-уйда яшовчи Мерганбой Шакаровнинг 1986 йилда туғилган ўғли Фурқат билан юз берибди, у 11 йилга озодликдан маҳрум қилинибди.

Самарқанд шаҳрида эса ака-ука Исомиддин, Низомиддин ва Сирожиддин Эргашевлар худди шу хилдаги жиноятлари эвазига умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган. Қизиғи шундаки, тергов давридаёқ Ўзбекистон ТВ орқали улар жиноятчи деб эътироф этилган, гўёки зўрланган қизнинг ёнидан милиция ходимининг хизмат гувоҳномаси чиққан.

Номусга тегиш жинояти билан боғлиқ бир қанча ишларни ўрганган “Эзгулик” жамияти ҳуқуқшунослари бу хилдаги жиноятни содир этган шахсларнинг ҳаммаси ҳам жазоланавермаслини таъкидлайди. Мисол сифатида Сирдарё вилояти Оқ олтин тумани прокуратураси Солиқ, валюта ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши кураш бўлими вакили Мирсиддиқ Бадиевнинг Гулистон тумани Деҳқонобод даҳаси Туркистон кўча 74-уйда яшовчи солиқ инспекцияси ходимаси Саодат Абдуалимовага нисбатан қилган зўравонлиги, тўғрироғи, номусига теггани айтилади. Бу борадаги жиноят иши зўровон ҳуқуни муҳофаза қилиш органи ходими бўлгани боис ёпилиб кетган.

2009 йилда Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек тумани ИИБ изоляторида зўрланган Райҳон Соатова ҳодисаси, Қашқадарё вилояти ИИБ терговхонасида номусига таҳдид қилинган Шоҳиста Махсумова воқеасини ҳам мисол тариқасида келтириш мумкин.

Шундай муҳит давом этар экан ҳеч ким зўровонликлар қурбони бўлишдан ҳимояланмаганини таъкидлаган “Эзгулик” жамияти Ўзбекистон Республикаси Олий суди пленумини шу каби жиноят ишлари юзасидан махсус таҳлил ўтказишга, парламентнинг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили ҳамда Инсон ҳуқуқлари Миллий марказини керакли текширувлар ўтказишга чақиради.

Пресс-релизнинг тўла матни билан жамиятнинг сайтида танишиш мумкин – ezgulik.org