28 June 2011
01:29 - Ўзбек пахтасини болалар меҳнатини бир пулга олмайдиган Белорусь режими харид қилади
Ўтган кунги хабарларимизда Ўзбекистон ҳукуматининг Белоррусь Республикаси билан ўзаро алоқларни қуюқлаштиришга бел боғлагани ва мазкур мамлакат элчиси Игорь Соколнинг Ўзбекистон Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестиция ва савдо вазирлигида қабул қилингани ҳақида хабар қилгандик. Ўша куни расмий маълумотлар билан чекланганимиз боис ҳам тузилган шартнома ва битимилар ҳақида маълумот бера олмагандик. Бугун Белорусь элчилиги Ўзбекистон ҳукумати билан пахта хомашёсини харид қилиш бўйича бир неча шартномалар имзолангани ҳақида хабар тарқатди.

Европа ва АҚШ ширкатлари ҳуқуқ ҳимоячи ташкилотларининг таъсирида Ўзбекистонда болалар меҳнати эксплуатация қилинишини рўкач қилиб, ўзбек пахтасини бойкот қиларкан, пахтамизнинг Белорусь режимига сотилиши сиёсатни тушунган ҳар бир киши учун ташвишланарли ҳолдир. Чунки, савдо ва ўзаро алоқалар таъсирида Ўзбекистон-Белоручь ҳамкорлиги чуқурлашади ва иккала режим ҳамкорликда мустаҳкамланади.

Шу сабабли савол туғилади: Ҳуқуқ ҳимоячилари олиб борган кампания натижасида баъзи Европа Иттифоқи ва АҚШнинг ширкатлари ўзбек пахтасини бойкот қилишлари - Ўзбекистонда болалар меҳнатини экасплуатация қилиш масаласида ижобий ўзгаришларга йўл очадими? Йўқ, аксинча, Ўзбекистон ўзига ўхшаган режимлар билан савдо-сотиқни кенгайтиради, Ўзбекистонни демократик дунёга интеграция қилиш асосида мамлакатимизда демократик жараёнларни чуқурлаштириш ғоясига зарба берилади.

Хуллас, диктатрлик ҳукмрон бўлган мамлакатларда ҳарбир мухолифатчи демократ ҳуқуқ ҳимоячиси бўлиши кераклиги билан биргаликда, ҳуқуқ ҳимоячилари ҳам сиёсатни ўрганишлари керак.