24 June 2011
04:13 - Президент Медведев Адлия вазирлиги рўйхатдан ўтказмаган Халқ Эркинлиги Партиясини мазах қилди, “Бирлик” бундай “шараф”га ҳам лойиқ кўрилмаган
Кеча хабар берганимиздек, Россиянинг Адлия вазирлиги таниқли рус демократлари Михаил Касьянов, Владимир Рижков, Борис Немцов ва Владимир Милов раҳабрлигида мухолифатни бирлаштирган Халқ Эркинлиги Партиясини рўйхатдан олишни рад этган эди. Сабаб сифатида партия ҳужжатларида камчиликлар борлиги, масалан, партия аъзолари рўйхатида балоғот ёшига етмаганлар ва ҳатто ўлганлар борлигини рўкач қилганди.

Бугун русларнинг “Московские новости” газетаси журналистлари билан учрашган президент Дмитрий Медведв феълан бу партия лидерларини мазах қилиб шундай деди: “Ўйлайманки, бу фуқаролар ўз ҳужжатларини рад этиб бўлмайдиган савияда тайёрлаш қобилиятига эгалар. Ана шунда партия рўйхатдан ўтказилиши мумкин. Қолверса, улар (яъни, лидерлар – Ҳаракат) ҳаммамизга таниш ва мавжуд система томонидан яратилган одамлардир”.

Эслатиб ўтиш керакки, “Бирлик” Партияси 2003 йилнинг охирида рўйхатдан ўтиш учун ариза берганда, мамлакатимиз Адлия вазирлиги Устав ва Дастурдаги аҳамиятсиз жойлардан камчиликлар топиб, партияга 4 марта рад жавоби берган, партия вазирликнинг ҳамма талабларини бажаргандан кейин, айнан россиялик ҳамкасбларининг жавобига ўхшаб, аъзолар рўйхатида сохта имзолар кўп дея партияни рўйхатдан ўтказмаганди.

Энг қизиғи, вазирлик ҳалигача шу сохта имзоли аъзоларнинг рўйхатини партияга беришдан қочиб келмоқда. Партия Марказий Кенгашининг шу йил 7 майдаги йиғилишида рўйхатдан ўтиш учун ҳаракатларни давом эттириш ҳақида қарор қабул қилинганлигини аввал хабар қилгандик.