24 June 2011
03:57 - Тошкентда диндор гуруҳ вакиллари қамалди
Бугун Тошкент вилояти жиноий ишлар судида Ҳизб ут-Таҳрир ташкилотига аъзоликда айбланган ўн киши устидан маҳкама якунланди, деб хабар қилди Интерфакс Ўзбекистон ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига иқтибосан. Мазкур гуруҳ раҳбарлари экани айтилаётган Баҳтиёр Маҳаматов ва Нематилла Соҳибов 7 йилга, гуруҳнинг бошқа 6 нафар аъзоси 6 йилга озодликдан маҳрум қилинган. 2 нафар шахс эса ёш бўлгани боис аҳлоқ тузатиш ишларига жалб қилинган. Гуруҳ раҳбари 30 ёшли Баҳтиёр Маҳаматов Тошкент вилоятидаги масжидлардан бирининг имоми эди, дейилади хабарда.

Хабар тафсилотлари тўғри, бироқ мазкур маҳкама ўтган йилнинг декабрь ойида якунланган. Афтидан, Интерфакс маълумотида маҳакама вақти нуқтаи назаридан хатолик бор. Мазкур гуруҳга нисбатан ўқилган ҳукм нусхаси Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти архивида сақланмоқда. Дарвоқе, “Озодлик” радиоси ҳам хатони пайқамасдан, Интерфакснинг хабарини такрорлаш билан чегараланибди.

Шунингдек, Ҳуқуқ Ҳимоячиларининг Ташаббус гуруҳи “Ваҳҳобийлик” диний радкиал оқимига мансубликда айбланган 12 нафар диндор устидан кечган маҳкама хусусида хабар қилди. Мазкур гуруҳга нисбатан суд 19 майда ўз ҳукмини эълон қилган. Улар 12 йилга қадар озодликдан маҳрум қилиш жазолари билан жазоланган.