22 June 2011
03:23 - Милиция фаолиятидан дод дейдиганларнинг саноғи йўқ (“Эзгулик” жамиятининг пресс-релизи, №25, 21.06.2011)
Тошкент вилояти Ангрен шаҳар Ҳаккарман-2 маҳалласи Янги авлод кўча 15-уйда яшовчи Латофат Шораҳматова ўғли Жасур Раҳматуллаевни Ангрен шаҳар ИИБ пост-патрул хизматининг 8 нафар ходими шаҳардаги “Малика” кафеси олдида ҳеч бир сабабсиз калтаклагани, дубинка билан етказилган жароҳат натижасида ўғлининг шифохонага ётқазилганини таъкидлаган. Шундан сўнг ППС ходимлари Карим ва Сарвар, Ангрен шаҳар ИИБ бошлиғи ўринбосари Қудрат исмли шахс Латофат Шораҳматовадан бу ҳақдаги аризани қайтариб олишни сўраб, бир неча марта илтимос қилишган. Сўнгра пўписага ўтишиб, орадан бир муддат ўтгач, ҳокимият вакилига бўйсунмаслик эпизоди билан жиноят иши қўзғатишган. Ҳозирда суд жараёни бормоқда.

Жиззах вилояти Жиззах тумани Қораёнтоқ қишлоғида яшовчи фуқаро Шоҳиста Шоюсупова миршабларнинг ваҳшийлигидан эри Шерзоднинг ногирон бўлиб қолганини таъкидлайди. “Эримга уюштирилган туҳмат бошида Жиззах вилояти ИИБ бошлиғи Мухтор Мирзиёев (Бош вазир Шавкат Мирзиёевнинг амакиваччаси — Эзгулик) турибди. Тергов даврида терговчилар Бекмурод Жўраев, Зоҳид Қаюмовлар томонидан етказилган оғир тан жароҳатлари натижасида эрим қўл томирларини кесган, ўзини ўлдирмоқчи бўлган. Кейинчалик соғлиғини йўқотди. Шунга қарамай эримни ўғирликда айблаган судья Ҳамидулла Ҳамдамов эримга муддат берди” дейди Шоҳиста Шоюсупова.

“2008 йилнинг 13 майида Тошкентнинг Сергели даҳаси яқинидаги “Мустанг” автозаправкасида фирибгар Дадабоев Фурқат ҳамда Арипов Азиз менинг ишончимга кириб, нархи 65 000 АҚШ доллари турадиган “Ҳонда Аккорд” автомашинасини олиб бермоқчи бўлди. Алдаб пулимни олди, на машинамни қайтарди, на пулимни. Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига мурожаат қилдим, фирибгарга жиноят иши қўзғатилиб, тергов бошланди. Тошкент шаҳар ИИБ терговчилари Шуҳрат Пўлатов ҳамда Санжар Нишоновлар фирибгарлардан 12 000 АҚШ долларини пора сифатида олиб, ишни ёпишди. Ўзимни эса фирибгарлик билан 9 ой қаматди. Ўзимни Президентининг кортежи тагига ташлаб ўлдирмоқчиман дейди Тошкент шаҳар Ҳамаза тумани Тўёна кўчаси 9-мавзе 59-уйда яшовчи Мойира Қурбонова.

Қашқадарё вилояти Чироқчи тумани Хўжаобод қишлоғида яшовчи фуқаро Бўри Илёсов анчадан бери хотиржамлигини йўқотгани, унга маҳаллий бойвачча Раҳмон Маҳмудовнинг тинчлик бермаётганини таъкидлаган. Маълум бўлишича, аризачининг бисотида зотдор оти бўлиб, уни қўлга киритиш мақсадида Самарқанд вилояти Нуробод тумани ИИБ Жиноят-қидирув бўлими бўлими ходими Фармон (фамиляси кўрсатилмаган — Эзгулик) ҳамда Жом қишлоғида яшовчи Раҳмон Маҳмудов босим ўтказмоқда. Агар отини бермаса, йўқотиб юбориш билан таҳдид қилмоқда. “Уларнинг қўли узун, давлатдан ҳам, худодан ҳам қўрқмайди, мени ҳимоянгизга олинг” дейди фуқаро.

Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият Миллий банкининг Андижон вилояти бўлимида хизмат қилиб келаётган Умиджон Ёқубовни ўтган йилнинг 21 ноябрида номаълум автоулов шубҳали тарзда уриб кетган. Воқеа жойида вафот этган Ёқубов ҳодисаси бўйича Андижон вилояти ИИБ томонидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари бошланган. Умиджоннинг отаси Раҳмон Ёқубов ўғлини уриб кетган шахснинг вилоят ИИБ раҳбарларидан бири эканлигидан гумон қилмоқда. Шу боисдан ҳам ЙПХ терговчилари Яшинбек Исмоилов, Юсуфжон Ғозиевларнинг ишни очишга кучи етмаяпти.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти Ўзбекистон Республикаси ИИВ раҳбарияти ҳамда мамлакат Бош прокуратурасининг ИИБ идораларида қонунга риоя этилишини назорат қилиш бошқармаси маъмурияти эътиборини мазкур ҳолатларга қаратади. Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларини қонуний фаолият олиб бориш, тергов ва суриштирув жараёнида адолат принципларига амал қилишга чақиради.