21 June 2011
01:47 - Фориш тумани ҳокими Эшбек Муҳаммадиев 12 йилга озодликдан маҳрум қилинди
Шу йилнинг 7 январида Жиззах вилояти Фориш тумани ҳокими Эшбек Муҳаммадиев маҳаллий тадбиркорлардан биридан 3000 АҚШ доллари миқдорида пора олаётган вақтда МХХнинг Жиззах вилояти тезкор вакиллари томонидан ҳибсга олинганини 11 январда хабар қилгандик. Ўзбекистон Бош вазири Шавкат Мирзиёевнинг амакиваччаси, Жиззах шаҳар ИИБ бошлиғи Мухтор Мирзиёевнинг қудаси бўлган бу шахснинг жавобгарликка тотилмай қолгани, аксинча, жабрланувчининг ўзи қамоққа олингани ҳақида 15 апрелдаги хабаримизда таъкидлагандик.

Бироқ бундан бироз муқаддам жиноят ишлари бўйича Жиззах вилояти суди Муҳаммадиевни 12 йилга озодликдан маҳрум қилгани ҳақидаги хабарни олдик. Ҳатто бу маълумотни Фориш тумани ҳокимлигининг ташкилий кадрлар бўлими мулозими ҳам рад қилмади, дейди мухбиримиз.

Ҳокимнинг жавобгарликка тортилиши билан боғлиқ жараёнлардан хабари бўлган бир шахс судлар Бош вазир Мирзиёевнинг қудаси ҳақидаги фикри аниқ бўлмагани учун узоқ вақт ҳукм чиқара олишмаган. Бироқ ҳукумат раҳбари қудадан юз ўгиргач, ҳоким ҳатто соғлиғи ёмон бўлганига қарамай қамалиб кетибди.