18 June 2011
15:40 - Юсуф Жуманинг Вашиннгтонга сафари ҳақидаги “ғирт ёлғон” хабаримизга тузатиш ҳамда Муҳаммадбобир Малик ва Абдураҳим Пўлатнинг фикрлари (Тўлатилган версия)
Шу йил 11 июндаги хабаримизда, яқинда Ўзбекистон зиндонидан озод қилиниб, АҚШда яшайдиган оиласи бағрига қовушган шоир Юсуф Жума 10 июнь куни Вашинтонда бўлгани, ўзининг озод бўлишида ҳал қилувчи роль ўйнаган АҚШ Давлат Котибининг собиқ ёрдамчиси, ҳозирда Халқаро Республикачилар Институтининг раҳбари Лорн Крейнер билан учрашгани, Жаҳонгир Муҳаммад ва Абдураҳим Пўлатнинг уйида меҳмон бўлганини бидиргандик.

Эртаси куни Юсуф Жуманинг ўғли Алишер номидан бу ҳабарнинг ҳаммаси “ғирт ёлғон” экани, Юсуф Жума Вашингтонга шахсий ишлари билан боргани, Жаҳонгир Муҳаммаднинг уйида бўлмагани, буни Жаҳонгирнинг ўзи тасдиқлаши мумкинлиги, Абдураҳим Пўлатнинг олдига фақатгина укаси Абдуманнобнинг ўлими муносабати билан таъзия билдириш учун борганини билдирувчи баёнот каби бир нарса тарқатилди.

“Ҳаракат” агентлиги 11 июнда тарқатган хабар мутлақо тўғри, дейди Абдураҳим Пўлат. Шу сабабли Юсуф ака ўз ўғли номидан тарқатган баёнотига эътибор бериш ҳам керак эмас эди. Шундай бўлса ҳам баъзи нарсаларга очиқлик киритсак фойдали бўлади, деб ҳисоблайман.

Биринчидан. Жаҳонгир Муҳаммад шу дақиқадаги манфаатларидан келиб чиқиб, оғзига келганини гапираверадиган инсон. Бунинг энг яхши мисолини 1992 йилда кўрганмиз. У ўша йили 31 сентябрь куни Олий Совет мажлисида Ўзбекистон президенти Ислом Каримни расмий минбардан туриб энг кескин танқид қилган одам бўлди. Аммо, роппа-роса бир ҳафтадан кейин, Ўзбекистон телевидениеси орқали чиқиш қилиб, айнан шундай деган: “Ислом ака кеча-кундуз ухламасдан ўзбек халқи учун иш қилаётганларини билмаган эканман”. Яъни у бир ҳафта олдинги гаплари учун феълан кечирим сўради ва мухолифат деган тушунчани шармандасини чиқарди. Давлат миқёсидаги гапларидан бир ҳафтадан кейин воз кечган шахс, кундалик масалалар бўйича ҳар дақиқада бошқача гапираверишини ақли расо одам яхши тушунади.

Иккинчидан. Жаҳонгир Муҳаммаднинг Муҳаммадбобир Маликовга асосланиб гапирган сўзлари ёлғон экан. Мен билан телефон орқали гаплашган Муҳаммадбобир Маликов Жаҳонгир Муҳаммадни яхши билишини, у топшириқ ёки бошқа ният билан ҳар нарсани гапиришга қодир эканлигини, ўзи ҳеч қачон Абдураҳим Пўлат “Бирлик”га КГБ тарафидан киритилгани ҳақида гапирмаганини айтди.

Учинчидан. 10 июнь куни Тошкентда Қирғизистон элчихонаси олдига ўтказилаган пикетимиз билан овора бўлиб, Тошкентдаги воқеаларни дақиқама-дақиқа телефон орқали ўрганиб турган пайтимда, аниқроғи, Вашингтон вақти 9 дан 10 июнга ўтар кечаси соат бирларда Юсуф Жуманинг турмуш ўртоғи Гулнора телефон қилди ва ҳозир Юсуф ака билан Вашингтонда эканлиги, улар кеча Лорн Крейнер билан учрашгани, Юсуф ака “Миллатнинг режимга қарши курашаётган ягона лидери Абдураҳи Пўлат билан бир қучоқлашмасдан кетолмайман” деятганини айтиб, уйимизга келмоқчи бўлганларини, Абдуманнобнинг уйига ҳам ўтиб, фотиҳа қилиш ниятлари борлигини билдирди. Мен икки кундан бери Тошкентдаги митинг ишлари билан машғул бўлиб, ҳатто ухламаган бўлсам ҳам меҳмонларга доим хурсанд бўлишимни билдирдим.

Тошкентда пикет тугаб, сафдошларим миршабхонадан қўйиб юборлганини ўрганганимдан кейин, ҳотиржам бўлиб, меҳмонлар билан шуғулланишга бошладим. Уйда ҳеч нарса йўқ экан, тезда бозор қилиб келиб, хотиним ишда бўлгани сабабли, ўзим ош қилдим. Кечқурун Юсуф Жума, Гулнора ва уларнинг уч фарзанди бизникига келишди. Ҳақиқий сиёсатчилар сифатида дарҳол ишларнинг муҳокамасига ўтиб кетибмиз, қоронғи ҳам бўлиб қолди, Абдуманнобнинг уйига бориб фотиҳа ўқишни кейинги сафарга қолдирдик.

Тўртинчидан. Юсуф Жуманинг ҳаммадан фарқли бўлган ўз йўли борлигини бир-икки кун аввал телефон орқали гаплашганимизда билганимдан кейин, у кишига шундай деган эдим: “Ҳар бир ўзбекнинг алоҳида ўз йўли бўлса, демак, биз пода ҳам эмас, оддий бир тўдамиз. Бугунги аҳволимизнинг асосий сабаби шу”. У киши Тошкентдаги митинг қандай ўтгани билан мутлақо қизиқмаганлари ҳам тўдалигимизни исботлашга уринишдан бошқа нарса эмас.

Бизнинг уйда Юсуф Жума яна ўз йўли борлигини, аммо бу йўлни ҳеч кимга айтмаслигини гапирди. Мен бу сафар у киши билан тортишиб ҳам ўтирмадим. Чунки фойдаси йўқ. У кишининг мақсади миллатни тўда ҳолига келтириш, менинг масадим эса миллатни миллат қилиш.

Энди очиғини айтса, хабаримизда бир ёлғон борлигини тан олишим ва тузатиш киритишим керак. Юсуф Жума билан гаплашгандан кейин доктор олдига борганимни айтганим ростдан ҳам ғирт ёлғон. Мақсадим, шундай имо-ишора, балки, ҳазил билан, бир қатор мухолифатчиларга (Жаҳонгир Муҳаммад, Салой Мадамин, Исмоил Дадажон, Толиб Ёқуб, Юсуф Жума кабиларга) докторга бориш хусусида нозик йўл билан маслаҳат бериш эди. Юсуф Жуманинг дарғазаб баёнотидан тушундимки, маслаҳатим эгаларини топмоқда.

Дарвоқе, исмлари қавс ичида келтирилган одамлардан, улар ким бўлишидан қатъий назар, шахсий томорқамда эмас, миллатнинг келажаги учун курашимизда, усталик билан ўз вақтида фойдаланганим айб эмас, айнан сиёсий усталигимнинг кўрсатгичидир. Улар менинг топшириқларимини бажариб, мен билан бирга бўлиб, бир нарсаларга эришган одамлар. Менсиз кўп нарса қилолмайдилар демоқчимасман, ҳеч нарса қилолмайдилар, ҳеч нарсага эришолмайдилар, деб очиқча айтмоқчиман. Ўзбекистонда ўқилмайдиган мазохист сайтларда умр ўтказадилар. Юсуф Жума аввалроқ шу йўлни танлаган Мўътабар Тожибой кабиларнинг сафига қўшилишни афзал кўргани афсус қилинадиган нарса.

Мен ва бошқа бирликчилар, ҳатто юрт ташқарисидаги бирликчилар, фақат ва фақат мамлакат ичидаги сафдошларимиз билан биргаликда, ичкарида фаолият олиб бормоқдамиз. Сиёсий маънода усталик намойиш қилмоқдамиз. 7 май куни Тошкентда “Бирлик” МК мажлисини ўтказолганимиз, 10 июнда Қирғизистон элчихонаси олдида пикет қилолганимиз шу усталикнинг маҳсулидир.

Аввалги хабаримизда айтилгандек, Обама Эрдўғоннинг сиёсий усталигини тан олибди, ишонаманки, у менинг усталигимни ҳам ахир бир кун тан олса керак (ярим ҳазил!).