18 June 2011
13:15 -
Обама Туркия бош вазирини сайлов ғалабаси билан табриклади, Эрдўғон мухолифат билан ҳалоллашмоқчи
Туркия матбуоти АҚШ президентининг мақтовига сазовор бўлган Эрдўғонни сайловларда ютқазган мухолифат лидерлари Kемал Қиличдорўғли (Жумҳурият Халқ партияси раиси) ва Давлат Боғчали (Миллиётчи Ҳаракат Партияси раиси) ҳалигача табриклашмаганини ёзмоқда. Кўринишидан, улар табриклашмоқчи ҳам эмас.
Айтиш керакки, Ражаб Эрдўғон сайлов натижалари маълум бўлиши биланоқ, анъанага кўра, ўз партияси бош қароргоҳининг балконидан майдонда йиғилганларга мурожаат қилди ва мухолифат лидерларни ҳалоллашишга чақирди. “Ҳалоллашиш” сўзи ўзбекларда ҳам кўп ишлатиладиган “гина-кудуратни унутиб, умумий мақсад сари ҳамкорликда ҳаракат қилиш” деган маънода тушунилади.
Аммо, Kемал Қиличдорўғли ва Давлат Боғчали ҳалоллашишдан олдин ҳисоблашиб олиш кераклигини гапиришмоқда. Улар ҳақли, дейди мухбиримиз. Чунки, ҳокимиятдаги ва мухолифатдаги партиялар орасида ўта принципиал фарқ бор. АТП сўзда буни эътироф этмаса ҳам, амалда мамлакатни исломлаштириш йўналишида иш олиб бормоқда. ЖХП ва МҲП эса дунёвий давлатчилик тарафдорларидир. Агар бу муҳим масалада келишиб, яъни ҳисоблашиб олинмаса, жамиятда қарама-қаршилик чуқурлашаверади, жараёнлар охир-оқибатда фуқаролар урушига келиши муқаррар.