10 June 2011
18:21 - Cенсация: Тошкентда Қирғизистон элчихонаси олида “Ўзбекларга қарши геноцид тўхтатилсин” шиорли пикет ўтказилди
2 соатча аввал Қирғизистоннинг Тошкентдаги элчихонаси олдида тахминан 15-20 нафар “Бирлик” ва “Эзгулик” фаоллари “Ўзбекларга қарши геноцид тўхтатилсин”, “Бирлик” қирғиз фашизмини қоралайди” каби сўзлар ёзилган плакатлар билан пикет ўтказишди. Ўзбек миршабларининг тарқалиш талаби бажарилмади. Пикетчилар элчихона вакили чиқишини талаб қилишди. Шундан кейин, пикетчилардан икки киши – “Бирлик” Партияси Бош котиби, “Эзгулик” раиси Васила Иноят ва партиянинг Тошкент шаҳар ташкилоти раиси Ҳайитбой Абдулла элчихонага таклиф қилинди.

Улар ўзини элчининг маслаҳатчиси деб танитган Анорахон Қосимбекова билан гаплашиб, пикетчиларнинг талабларини қирғиз ҳукуматига етказишни талаб қилишди, “Бирлик” ва “Эзгулик”нинг қирғиз фашизмини қораловчи, ўзбекларни ҳимоя қилувчи баёнотларини топширишди.

Бу учрашув бўлаётган пайтда элчихона олдига автобусларда келган ўзбек миршаблари пикетчиларнинг кўпчилигини Мирзо Улуғбек туман ИИБ биносига олиб кетишди. Кейин элчихонадан чиққан Васила Иноят ва Ҳайитбой Абдуллалар ҳам шу ерга келтирилди. Бу ерга телефон қилган “Бирлик” раиси Абдураҳим Пўлат пикет қатнашчилари билан суҳбатлашди. Улар ҳозир ҳам ИИБда ушлаб турилибди, руҳлари баланд.

Ўзбекистон каби тоталитар бир мамлакатда бундай чиқиш қилиш қандай мардлик эканини ҳар ким тушунса керак. Айни замонда, Ўзбекни ҳимоя қилган ўзбекларнинг миршабхонада ушлаб турилиши - Ўзбекистон ҳукуматнинг миллий хоинлардан иборат эканлигини яна бир бор исботлайди.