09 June 2011
06:29 - Остонада VII Жаҳон Ислом Иқтисодий Форуми иш бошлади, Нурсултон Назарбой нутқ сўзлади
Кеча иш бошлаган Форумнинг бу йиғилиши “Глобал иқтисодий ривожланиш: ўзаро муносабатлар, рақобат, ҳамкорлик” номи остида ўтаётгани Казинформ агентлиги тарафидан билдирилди.

Остонадаги Мустақиллик Саройида ўтказилаётган анжуманда 45 мамлакатдан келган 2 мингдан ортиқ одам иштирок этмоқда. Уларнинг ичида давлат ва ҳукумат раҳбарлари, вазирлар, катта халқаро ширкатларнинг, банкларнинг, молиявий институтларнинг, давлат ташкилотларининг вакиллари ва таниқли олимлар бор. Бу – Ислом Конференцияси Ташкилотининг йиллик энг катта тадбиридир.

Форумнинг очилишида катта нутқ сўзлаган Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбой Ислом дунёсида бўлаётган глобал жараёнларга баҳо бериш, келажак режалари, Исломни замонавийлаштириш хусусида жиддий фикрлар билдириш билан бир қаторда Қозоғистоннинг Ислом дунёсидаги ролини чиройли қилиб кўрсатиб берди, Қозоғистон номидан бир қатор таклифлар киритди.

Унинг таклифлари ичида диққатга сазовор бўлгани - Ислом дунёсининг илғор илмий-технологик йўналишларда орқада қолаётганини инобатга олиб, Халқаро Инновациялар Маркази тузиш.

Нурсултон Назарбой Исломни замонавийлаштирш ҳақида гапириб қолгани ҳам қизиқ, дейди бу хусусда “Бирлик” лидери Абдураҳим Пўлат. Агар у ростдан ҳам шу масала устидан ўйлаётган бўлса, мен каби тезда бир фикрга келади – Исломда чуқур ислоҳотлар ўтказмасадан на уни замонавийлаштириб, на уни олға суриб бўлади.

Лекин, нима бўлганда ҳам, унинг бу масалаларни тилга олаётгани Ўзбекистон президентига нисабатан анча заковотли эканлигини ёки атрофига заковотли одамлар тўплаганини кўрсатади. Ўша заковотли одамлар бизнинг сайтимиздаги берилаётган фикрлардан хабардор эканликларига шубҳам йўқ.

Агар Нурсултон Назарбой Остонада Халқаро Инновациялар Маркази тузишга эришса, Ўзбекистон Марказий Осиёда ҳамма масалаларда биринчиликни қозоқларга бериб бўлганини тан олишга тўғри келади.