04 May 2011
14:46 - Ўш вилоятида қандай ҳарбий машғулот бўлмоқда?
Қирғизларнинг АКИпресс агентлиги Давлат Миллий Хавфсизлик Комитетининг матбуот хизматига асосланиб хабар беришича, кеча ва бугун Ўш вилоятида “Беркут-Антитеррор-2011” деб номланган ҳарбий машғулотлар бўлмоқда. Уларни кузатишга президент Роза Отунбаева ҳам келибди.

Бу машғулотлар МДҲнинг Антитеррор Маркази тарафидан уюштирилгани айтилмоқда, аммо у тамомийла Қирғизистон хавфсизлик хизматларининг ички тадбирига ўхшайди. Хабарда айтилишича, машғулотлар давомида қўриқланадиган давлат объектларига ҳужум қилган террористларни йўқ қилиш чора-тадбирлари намойиш этилади. Машғулотлар сценарийсига кўра, 100 кишилик террорчилар гуруҳи Қирғизистонга кириб келиб, террористик актлар уюштириш ва одамларни гаровга олишга ҳаракат қилади. Тожикистондан келадиган террористларнинг мақсади - Фарғона водийсида вазиятни беқарорлаштириш.

Лекин, дейди “Ҳаракат” мухбири, бундай машғулотлар ўтган йили қирғиз фашистлари ҳукумат структуралари, хусусан, давлат хавфсизлик кучларининг ёрдамида ўзбекларни қирғин қилганларининг бир йиллиги арафсида бўлаётганидан кўриниб турибдики, Қирғизистон ҳукумати ўзбекларнинг ўша қирғинга жавобидан қўрқмоқда. Машғулотларнинг асл мақсади, ўзбекларнинг норозилик чиқишларига тайёрланиш, керак бўлса, ўзбекларнинг ҳар қандай чиқишини террористик акт сифатида баҳолаш.