01 May 2011
20:18 - Бухорода минг йиллик эркаклар ҳаммоми қолдиқлари топилди, Улуғбек расадхонаси қандай топилганди?
Шаҳарнинг марказида 2 йилдан бери археологик қазилма ишлари олиб бораётган маҳаллий олимларнинг мақсади - бир маҳаллар одамларга беш юз йил хизмат қилган карвон саройнинг 50 кв метрлик майдондаги қолдиқларини иложи борича тиклаб, музейга айлантириш бўлган. Шу ишлар давомида ўша майдонда минг йиллик эркаклар ҳаммомининг қолдиқлари ҳам топилибди.

Ҳаммом қолдиқларининг топилиши олимларнинг ўзи учун ҳам кутилмаган воқеа бўлди, чунки 16-чи асрдан бери ҳаммом ҳеч қандай тарихий ҳужжатларда қайд этилмаган, дейилади бу ҳақдаги 12.uz сайтининг хабарида.

Ҳаммомнинг қолдиғи бўлса ҳам, халқимизнинг тарихига оид бу объектнинг топилиши яхши воқеа. Аммо, бу ҳаммомнинг тарихий ҳужжатларда кўрсатилмаганига ажабланётган бухоролик олимлар ва бу ҳақда ёзаётган журналистнинг соддалигига ҳам ажабланмасдан бошқа иложимиз йўқ.

Маълумки, фақат ўзбекларнинг эмас, одамзод тарихининг буюк олимларидан бири бўлган Мирзо Улуғбек бор йўғи 600 йил аввал Самарқандда қурдирган дунёнинг иккинчи расадхонаси ўша вақтлардаёқ қандайдир босқинчилар эмас, чаласавод Ислом уламоларининг буйруғи билан ўз одамларимиз тарафидан бузиб ташланган. 19 асрнинг охирида бу ерга келган рус археологи Вяткин бу расадхона қолдиқлари ҳақида биронта тарихий ҳужжат, самарқандликларнинг хотирасидан биронта имо-ишора тополмасдан, уни 20 йилдан ортиқ излаб, зўрға топган.

Ҳаммом қолдиқларини топиб, унинг тарихий ҳужжатларда йўқлигидан ажабланаётган бухорорлик олимларимиз узоқдаги Самарқандда Улуғбек расадхонаси билан боғлиқ воқеаларни қаердан ҳам билишсин. Олимларимиз шунақа, ўзимиз ҳам шунақа халқмиз.

Дарвоқе, уламоларимиз ҳам ўша-ўша. Ислом дунёси чуқур инқирозда, Ғарб ойга туристик маршрутлар очиш устида ўйламоқда, уламоларимиз эса,талоқ расман тан олиниши учун неча киши гувоҳ бўлиши кераклиги ҳақидаги саволга муқаддас китоблардан жавоб қидириш билан оворалар.