24 April 2011
17:33 - Йеменда ҳокимият ва мухолифат жорийдаги президентнинг истеъфоси ҳақида келишдилар, аммо яқин орада тинчлик бўлмаса керак
Ойлардан бери давом этаётган қонли тўқнашувлардан кейин, кеча бу мамлакатнинг ҳукумрон партияси билан мухолифатдаги етти партия коалицияси, ниҳоят, муаммоларни тинч йўл билан ечишга келишдилар, дейилади Associated Press агентлигининг хабарида.

Келишувга кўра, 32 йилдан бери президентлик қилаётган Али Абдуллоҳ Салеҳ (расмда) 30 кун ичида ўз курсисини ҳозирги вице-президентга топширади, Вақтли ҳукумат раҳбари ўрнини мухолифат коалициясининг лидери олади. Бундай “чекиниш” эвазига Али Абдуллоҳ Салеҳ ва бутун оиласига ҳамда яқин сафдошларига тегилмаслик ҳаққи, яъни ҳар қандай жазоланишга қарши иммунитет берилади.

Бундай келишувга олиб борган музокаралар олти мамлакатни ўз ичига олувчи Кўрфаз Ҳамкорлик Кенгашининг иштирокида ниҳоясига етган. АҚШ Давлат Департаментининг матбуот хизмати ходими Марк Тонер бундай келишувни олқишлаган.

Аммо, мухолифат коалициясининг матбуот котиби Муҳаммад Каҳтан келишувнинг камчиликлари борлигини, масалан, аввал Вақтли ҳукумат тузилиб, у эски президент Али Абдуллоҳ Салеҳ олдида қасамёд ичгандан кейингина президент истеъфога кетиши ва президентнинг истеъфоси унинг тарафдорлари кўпчиликка эга бўлган парламент тарафидан тасдиқланиши кераклиги ҳақидаги моддаларни қайта кўриб чиқиш кераклигини гапирган. Айни замонда, мухолифат норозилик намойишларини дарҳол тўхтатишга ҳам қарши.

“Ҳаракат” мухбирининг фикрича, кўриниб турибдики, ҳокимият ва коалиция ҳали ҳам бир-бирларини алдаб кетишни ўйламоқдалар. Бунинг устига, мухолифат коалициясининг ўзида келишмовчиликлар ўртага чиқиши муқаррарлиги ҳисобга олинса, Йеменда, минг афсуски, яқин орада тинчлик бўлмайди.