24 April 2011
04:28 - Полиция тарафидан ҳибсга олинган пастор Қуръонни кейинги ҳафтада ёқмоқчи
АҚШнинг Флорида штатида шу йилнинг март ойида Қуръон китобини ёқиб, ўзича машҳур бўлиб кетган пастор Терри Жонс бугун ҳам Қуръонни ёқмоқчи бўлганда, полиция тарафидан ушланиб, жамоат тартибини бузишга йўл очаётганлик айби билан қамалди. Аммо, кимдир унинг учун тавон пули тўлаб, озод ҳам қилибди. Маълумки, пастор март ойида Қуръонни ёққандан кейин, Афғонистонда катта тўпалонлар чиққан, 100 дан ортиқ киши, уларнинг ичида БМТнинг ходимлари ҳам бор, қурбон бўлганди.

Пастор Терри Жонс қамоқдан чиққандан кейин, янаги ҳафта барибир Қуръонни ёқиш ниятида эканлигини билдирди, дейилади ББСнинг хабарида.

Эслатиб ўтиш керакки, “Бирлик” Партияси раиси Абдураҳим Пўлат Қуръон муқаддас эканлигини, аммо унинг қоғоз ёки замонавий электрон воситалардаги нусҳалари муқаддас бўлолмаслигини айтиб, мусулмонлар учун энг яхши йўл – Қуръоннинг нусхаларини ёқиш ҳаракатига тушганларга ва ёқаётганларга эътибор бермаслик эканлигини урғулаганди. Кўринишидан, мусулмонлар барибир шу йўлга келишга мажбур бўладилар. Бу масала бўйича Ислом уламолари мусулмонлар ичида тушунтириш олиб борса, айни муддао бўларди.