17 April 2011
15:30 - Абдураҳим Пўлат: Интернет дунёсининг ўзбек қитъасидаги ножиддийлик, нопоклик ва масхарабозликлар ҳақида
Интернетнинг қидирув системаси ёрдамида ниманидир ахтараётиб, Мусулмон Ўзбекистон номли сайт ҳали ҳам борлигини кўриб қолдим. Бундан бир неча йил аввал бу сайт Қурбон ёки Рамазон байрами туфайли ҳаммани қутлар экан, “Жасликда Оллоҳнинг синовини ўтаётган йигитларимиз” деган иборани ишлатгани, кейин биз бу сайтни мазах қилганимиз ёдимда. Нима эмиш, Жасликда йигитларимиз Оллоҳнинг синовини ўтишаётган эмиш. Демак, Ўзбекистон президенти Ислом Карим Оллоҳнинг буйруқларни амалга ошириб, йигитларни синовдан ўтказмоқда.

Ўша воқеа эсимга тушиб, Мусулмон Ўзбекистон сайтида бирон ўзгариш бўлмадимикан деган фикр билан унга кирдим ва дарҳол ножиддийлик, нопоклик ҳамда масхарабозлик мисолларини кўрдим.

1. Ножиддийлик. Мусулмон Ўзбекистон сайти ББСнинг ўзбекча саҳифасидан олинган Обидхон қори Назаровнинг "Исломда рамзларга сиғиниш йўқ" номли суҳбатини эълон қилибди. Бу суҳбат Россия мусулмонлари марказий диний идорасининг раиси, бош муфтий Талгат Тожуддиннинг Россия давлат гербини ўзгартириш ҳақидаги таклифига ўзбек мусулмон уламосининг муносабати экан. Ислом дунёси чуқур инқироз ичида қолган бир пайтда, Исломнинг принципиал масалаларига шу пайтгача биронта жиддий муносабат билдирмаган Обидхон қорининг Россия муфтиси кайф остида гапирган гапларини анализ қилиши қанчалик ножиддийлигини тушуниб бўладими?

2. Нопоклик. Бу сайт ўз саҳифасига ББСнинг бир хабарини ҳам қўйибди. Хабар Тўйтепада юз берган портлаш ҳақида бўлиб, кўзимга таниш туюлди. Тезда англадимки, ББСнинг журналистлари бизнинг сайтимизда берилган хабарни, шаробга сув қўшгандек, умумий тарздаги гаплар билан кенгайтириб, аммо уни биздан олганларини айтмасдан, ўз хабарлари сифатида тарқатишган экан. ББС - жаҳоннинг олдинги сафларда бўлган ахборот воситаларидандир. Бизнинг шоввоз ўзбек журналистлари шундай радиони ҳам нопоклик билан булғаётганлари ачинарли ҳол эмасми?

3. Масхарабозлик. Кўзим тушган учинчи хабар “Озодлик” радиосидан олинган экан. Бу хабар Ўзбекистондаги Эксперт Ишчи Гуруҳининг қамоқхоналардаги қийноқларга оид янги ҳисоботи ҳақида бўлиб, бу ҳисоботдаги баъзи фактлар тилга олинади. Аммо, маълумки, аввал “Тезкор ишчи гуруҳи” номи остида иш юритган ҳозирги “Эксперт Ишчи Гуруҳи” бир-икки йил аввал Татаристон ҳуқуқ ҳимоячиларининг ўз мамлакатларида олиб борган тадқиқотлари бўйича ҳисоботни “Татаристон” сўзини “Ўзбекистон”га ўзгартирибгина кўчириб олиб, ўз номидан эълон қилган ва кейин шарманда бўлганди. Дунёнинг ҳеч қандай оммавий ахборот воситаси бундай миси чиққан масхарабозларнинг материалларини ўзида бошқа эълон қилмайди. Масалан, биз айнан шундай қиламиз. “Озодлик” радиосидаги ўзбек журналистлари бошқача фикрда, улар “Пес песни қоронғида ҳам топади” мақолини “Масхарабоз масхарабознининг кўзини чўқимайди” маъносида ўқишга бошлашмаганмикан?

ББС, Озодлик, Мусулмон Ўзбекистон ва шу каби сайтларни кўришни бир неча йил аввал бутунлай тўхтатганман. Ҳозир кўрдимки, у ерда ҳам нарса эскича – эски тос, эски ҳаммом.