15 April 2011
02:17 - Путин Медведевнинг оғзини қўғирчоқ партиясининг қўли билан ёпмоқчи
Хитойга “Бразилия-Россия-Ҳиндистон-Хитой” саммитига кетишдан олдин, аниқроғи, 12 апрель куни, бу мамлакат телевидениесига интервью берган Дмитрий Медведев келаси йил бўладиган президент сайловида иштирок этиш ҳақида ўйлаётганини, ўзи билан Путин ўртасида Россия учун долзарб масалаларга ёндошишда фарқ борлигини гапириши, нафақат Россияда, балки, бутун дунёда катта қизиқиш уйғотди. Кўп экспертлар Путин-Медведев тандеми дарз кетмадими, деган саволга жавоб қидиришга бошладилар.

Ўша куниёқ, Путин ёт деса ётиб, тур деса турадиган “Бирлашган Россия” партиясининг Бош Кенгаши президиуми ҳайъатининг котиби ўринбосари (лавозимнинг номини қаранг – “Ҳаракат”) Юрий Шувалов махсус баёнот тарқатиб, бу партия 2012 йилда бўладиган президент сайловида партия лидери Владимир Путиннинг номзодига афзаллик беради, дебди. Бу ҳақда рус оммавий ахборот воситалари бугун гапиришга бошлашди.

Кўринишидан, Медведев атайлаб ёки тасодифан Путинга ёқмайдиган гапларни гапириб қолган. Унинг оғзини ёпиш “Бирлашган Росси” партиясига топширилган.

Лавозимлар нарвонида озгина бўлса ҳам Юрий Шуваловдан юқори турадиган Андрей Исаев, у партия Бош Кенгаши президиуми ҳайъатини котибининг мафкуравий масалалар учун маъсул бўлган биринчи ўринбосари, Юрий Шувалов бутун партиянинг фикрини айтганини билдирган.

Медведев Хитойдан қайтгандан кейин, Путиннинг ўзи унинг қулоғини тортиб қўйса керак.