20 October 2006
03:00 -
23:00 - Гулнора Каримова мухолифатчининг қўшиғини куйламоқда, аммо ўзи буни билармикан? 16:00 - Ёдгор ака Турлибеков: Соғлигим жойида, аммо кўнглим барбод, сафдошларда адашибман
23:00 - Гулнора Каримова мухолифатчининг қўшиғини куйламоқда, аммо ўзи буни билармикан?

Бундан бироз муқаддам Ўзбекистон телерадиокомпанияси ТВ-Марказ канали орқали беармон эфирга берилган Гугуша (Гулнора Каримова)нинг "Мени эсла..." қўшиғи матни таниқли мухолифатчи, «Бирлик»чи шоир Ёдгор Обид қаламига мансублигини кўпчилик билмаса керак. Мазкур қўшиқ илк бор Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Кумуш Раззоқова томонидан ижро этилиб, режиссёр Али Ҳамроевнинг "Водиллик келин" кинофильмига ҳам тушган. Лирик, ўйноқи оҳангдаги мазкур сатрлар президент қизи тилида бироз жозибасини йўқотгандек бўлди. Гарчанд, маҳаллий ТВ хитпарадлар мазкур ижрони ойнинг, йилнинг энг сара ашуласига чиқарган бўлса-да.

Гулнора ижросидаги оҳангда бирмунча дағаллик, овознинг ўта пастлиги, овоз кўтариш техникаларидан ҳаддан ташқари ортиқча фойдаланганлик сезилиб қолган. Бироқ замонавий клипмейкерлик ютуқлари билан безатилган қўшиқ клипида ўзига хослик бор. Клипда қимматбахо бриллиант ва дурлар билан оро берилган Гулнора ярим яланғоч баданини оҳиста силайди. Саҳна узра эсаётган оҳиста шабада хонимнинг бўялган сочларини ўйнайди.

ТВ-Марказ анъанасига кўра, қўшиқ айтилаётганда хонанда исми-шарифи, қўшиқ номи титрда пайдо бўлади. Аслида, бундай ҳолатда қўшиқ муаллифнинг номи ҳам кўрсатилиши керак, аммо кўрсатилмайди. Эхтимол, ТВ-Марказ мутасаддилари мазкур сатрлар муаллифи Каримов режимига исён қилган ҳурриятпарвар Ёдгор Обидлигини билмас. У ҳолда нечун муаллиф исми беркитилди, унга берилиши керак бўлган гонарарни ҳам Гулноранинг чўнтагида қолдириш учун эмасми?

16:00 - Ёдгор ака Турлибеков: Соғлигим жойида, аммо кўнглим барбод, сафдошларда адашибман

Яқиндагина тузилган сиёсий ҳуқуқларни ҳимоя қилиш “Бурч” жамиятининг ташаббусчиларидан бири, “Эрк” демократик партиясининг раиси Самад Мурод Қаршилик ҳуқуқ ҳимоячиси, сохта айблар билан шу ой бошида 3,5 йилга озодликдан маҳрум қилинган Ёдгор ака Турлибеков билан шу кунларда Бухородаги қамоқхонада кўришганини очиқлади. Маълум бўлишича, Самад Мурод ва Ёдгор аканинг турмуш ўртоғи Хурсандой опа бу учрашув учун Қарши шаҳар судьяси Алишер Жалиловдан осонликча рухсат олишган.

Ёдгор ака Самад Муродга қуйидаги сўзларни айтиб, уларни айнан шу шаклда ҳаммага етказишни сўрабди:

“Соғлигим жойида, аммо кўнглим барбод. Бу ерда вақтим кўп, ҳамма нарсани ўйлаб олиш учун. Мен йиғламоқдаман бу ерда. Мен сизларга ишониб янглишган эканман.

Хотирлайсизми, мен Толиб Ёқубовни худодек кўрардим, Суръат Икромов ва сенга ишонардим. Мен сизларга, шу 3 кишига хизмат қилдим. Текинга хизмат қилдим. Мен шу йўл билан халқимги хизмат қилаяпман, балога учрасам, мени якка қолдирмайсиз, сизлар ва сизлар орқали ҳамма ҳуқуқ ҳимоячилари мени ҳимоя қиладилар деб ўйлагандим.

Аслида нима бўлди? Судда мен охирги дақиқаларгача эшикка қараб турдим, сени кутдим. Менга айтишдики, Суръат Икромов мени ҳимоя қилиш учун адвокат ёллабди. Аммо қани у? Қани адвокат Тўлаганов?

Сени оилангда ўз муаммоларинг борлигини биламан, аммо келсанг бўларди. Хеч ким йўқ эди. Тушунасанми, қамоқхонага ҳам келмадинг. Биз қамоқхонада бир ҳужрада 15 киши турдик. Баъзиларни ҳар куни, баъзиларни кун ора зиёрат қилишарди, мени эса ҳеч ким. Улар ҳар куни “передача” олишарди. Мен бирон марта ҳам олмадим. Шунда мен йиғладим. Мен ва менинг ҳаётим ҳеч кимга керак эмас экан. Энди мен ўйлаяпманки, сизлар, яъни Толиб ака, Суръат ва балки бошқалар ҳам, мени олий жазога ҳукм қилишса севинар эдинглар. Ҳазилми, қандай сенсация бўларди! Қандай тўпалон! Тимсоҳ кўз ёшларини тўкиш учун қандай имконият. Грантлар ёмғир каби ёғиларди.

Аммо, минг афсуски, мен сизларнинг ҳафсалангизни пир қилдим, бор йўғи товламачи бўлиб чиқдим. Ахир мени товламачилик учун маҳкум эттилар-ку. Мен менинг ҳуқуқ ҳимоячилигимни тан олишни истамаган сафдошларимнинг айби билан товламачи бўлдим.

Энди мен нима қилишим кераклигини биламан. Озодликка чиққач, ҳуқуқ ҳимоячилик фаолиятимни давом эттираман. Аммо, сизлар билан эмас. Мен ёшлардан янги команда тузаман. Мен уларни ҳали коррупция бузмаган одамлардан танлайман. Сизлар эса фақат фойда қидирасиз. Кимдир пул ишламоқчи, кимдир обрў қидирмоқда. Мен ҳокимиятни айбламайман. Чунки у ўз ишини қилмоқда. Мен очиқчасига тиранияга қарши гапирганман. Мен режим учун исталмаган одам эканлигимни, ахир бир кун унинг қўли менгача етиб келашини билардим. Лекин, бу авторитар режим қаршисида якка ўзим қоламан деб ҳеч ўйламаган эдим. Сафдошларим қани?

Мен ҳамма ҳуқуқ ҳимоячиларини огоҳлантираман: Ҳар бир ҳуқуқ ҳимоячисининг яккаю ягона дўсти бор, унинг ўзи. Аввал ўз хавсизлигингни таъминла, ўз ҳақ-ҳуқуқларингни суғуртала, кейин бошқаларга ёрдам қўлини чўз.

* * *

Ёдгор ака ўзига кўра ҳақли, дейди мухбиримиз. Мавжуд режим маълум маънода, вақтинча бўлса ҳам, ўз ниятига эришди. Ёдгор акани ҳаммадан, яъни ҳам сафдошларидан, ҳам оила аъзоларидан изоляция қилиб қўйиб, у кишини тушкунликка тушишга, шундай фикрашга олиб келди. Ваҳоланки, бизнинг сайтимизда ҳам бу суд жараёнинг сўнги ҳақида хабар берилганда, ҳокимият расмийларига, хусусан, судья Алишер Жалиловга асосланиб қуйидагилар ёзилганди:

“Судланувчи ўз айбига иқрорлик билдириб, суд мажлисларида кузатувчиларни кўришни истамаган. Сўнгги мажлисда эса мустақил адвокат Рустам Тўлагановни ҳам кўришни истамай, сўроқларга ўзи жавоб беришга қасд қилган”.