10 April 2011
03:40 - Ўзбек ҳукуматининг ғурури борми ўзи?
Шу йилнинг 9 февралидаги хабарларимизда Фарғона вилоятининг Қирғизистондаги Сўх анклавида жойлашган “Ўзбекнефтгаз” ширкатига қарашли шимолий Сўх ер ости газ заҳиралари қудуқларида ишловчи юртдошларимизга Боткен вилояти Боткен тумани Зартош қишлоғида миллатчи қирғизлар ҳайдаб чиқаргани ва ҳақоратлагани ҳақида хабар бергандик. Ўшанда Боткен вилояти губернияси маъмурий ишлар бўлими бошлиғи Тоштемир Эшалиев, Бурганди массиви бошлиғи Алчинбой Торалиев ҳамда қирғиз парламенти депутати Йўлчибойлар бошчилигидаги қирғиз миллатчилари бу ердаги Ўзбекистонга тегишли нефть қудуқларига хўжайинлик қилишга уринишганди.

Бу ҳол 4 апрель куни ҳам такрорланди. Шу куни соат 16.30 ларда икки мамлакатнинг нейтрал ҳудудида жойлашган 1, 2 ва 3-нефть қудуқларига бостириб келган 50 дан ортиқ қирғиз миллатчиси Андижон нефтни қайта ишлаш заводига қарашли “Риштон” газ тақсимлаш идорасида ишлаётган ўзбекларни калтаклаб, ҳудуддан чиқариб юборишди. Ҳақорат ва маломатларга нишон бўлган ўзбекларга ўзларининг янги бунёд этган шахсий иссиқхоналарига газ етказиб беришни талаб қилишган, акс ҳолда, Ўзбекисттонга тегишли бу газ заҳираларидан рухсатсиз фойдаланавериш билан пўписа қилишган.

Афсуски, бу ҳол тез-тез такрорланаётгани ва ўзбекларнинг бу ердаги вазиятдан юрак олдириб қўйганига қарамай Ўзбекистон расмийлар томонидан бирор чора кўрилмаётир. Ҳа, шундай савол ўртага чиқиши табиий - Ўзбек ҳукуматининг ғурури борми ўзи?