08 October 2006
03:00 -
19:00 - Журналист Анна Политковскаянинг ўлдирилиши ва “Ҳаракат”ниннг “Россида фашизм” башорати 18:00 - Татар давлати бўлган ва бўлади - Туркияда навбатдаги сиёсий инқирозми? 17:00 - Тожикларнинг "Адолат"и, тўхтатилди, бизники тўхташ ара
19:00 - Журналист Анна Политковскаянинг ўлдирилиши ва “Ҳаракат”ниннг “Россида фашизм” башорати

”Президент Путиннинг Беслан фожеасидан кейин сўзлаган нутқи ва бугунги таклифларини анализ қилиш кўрсатмоқдаки, Россия якин келажакда диктурани мустаҳкамлаш, демак, демократияни бўғиш йўлида давом этади. Чеченистон каби колонияларидан ажраб колмаслик учун ҳар нарсага тайёр эканлигини кўрсатаётган Путин бошчилигидаги бугунги раҳбарият, хатто, мавжуд тузумни фашистлаштиришдан хам чекинмайдиганга ўхшайди. Агар Россиядаги погрессив кучлар бу тенденцияни тўхтатолмасалар Россияни Сталин замонидан қолишмайдиган қора кунлар кутмоқда. Путин шу кунларда сўзлаган нутқларидаги режаларини амалга оширолса, унинг кейинги қадами СССРни тиклаш йўналишида бўлиши муқаррар”.

Бу сўзлар агентлигимизнинг 2004 йил 13 сентябрдаги Владимир Путиннинг Россия хукуматининг кенгайтирилган, яъни министрлардан ташқари Россия таркибидаги республикаларнинг президентлари ва вилоят губернаторлари хам иштирок этган мажлисида сўзлаган нутқига бағишланган хабаридан олинган.

Биз ўша пайтда Россиянинг фашистлашиши ҳақида гапирганимизда, бунга эъхтибор бермганалар бўлиши мумкин. Аммо, ҳозир буни ҳамма гапирмоқда. Кеча Москвада машҳур журналист Анна Политковская ўз уйининг йўлагида ўлдирилиши ва бу қотилликнинг Путин туғилган куни содир бўлиши каби воқеаларни солиштириб, Путин бошчилигидаги Россия фашизм тамон кетаётганини очиқча гапирмоқдалар. Россиянинг гуржи миллати вакилларига қарши олиб бораётган сиёсати ҳам Россиянинг танлаган йўли фашизм эканлиги яна бир кўрсатмоқда.

18:00 - Татар давлати бўлган ва бўлади

Бугун Умумтатар Ижтимоий Маркази президими ва унинг раиси номидан тарқтилагн Баёнотнинг номи шундай - Татар давлати бўлган ва бўлади. Қайта қуриш йиллари ватта фоллик кўрсатиб, кейинги йилларда феълан йўқ бўли кетганлиги ҳам тахмин қилинган бу ташкилотнинг баёноти Қозон шаҳрининг 1552 йил 15 октябрь куни узоқ давом этган қонли жанлардан сўнг руслар тарафидан қўлга олиниши ва татарларнинг мустқил давлати бўлмиш Қозон хонлигининг тугатилиши муносабати билан эълон қилинган. Маълумки, татарлар ҳар йили 15 октябрни Татар давлатчилигини ҳимоя қилиш учун курашганларни хотирлаш куни сифатида эсга олишади.

Баёнотда 1000 йиллик тарихга эга бўлган Татар давлатининг руслар тарафидан чўктирилиши бутун Ислом олами учун катта фалокат бўлгани таъкидланади. У “Яшасин мустақил Татаристон” сўзлари билан тамомланган.

Умумтатар Ижтимоий Маркази қайта қуриш ва ундан кейинги йилларда мустақил давлат яратиш ғоясини кўтарган. Бу курашнинг таъсирида Россиянинг марказий ҳокимияти Татаристоннинг алоҳида мақомини тан олиб, Татаристон билан айрим шартнома ҳам имзолаган эди. Бу шартнома расман ҳали ҳам кучда, аммо, аслида, Путин ҳокимиятга келгач, айниқса, Чеченистондаги миллий-озодлик кураши мағлубиятга учрагач, Миртемир Шаймиев ҳукумати ўз ихтиёри билан бу шартномада тан олинган имтиёзлардан ўзи воз кечган.

Туркияда навбатдаги сиёсий инқирозми?

Сўнгги ойларда Туркияда бўлаётган воқеалар бу мамлакат навбатдаги сиёсий инқирозга келаётганидан далолат бераётганга ўхшайди. Бу сафар ҳам инқирознинг асосий сабаби – реакцион кучларнинг бош кўтариши. Бу мамлакатда дунёвий тузумнинг гарантёри ҳисобланган Турк армияси қўмондонларининг ярм очиқ ярим ёпиқ баёнотларига кўра, реакциянинг кучайишида шу кунларда асосан динчилардан иборат бўлган ҳокимиятдаги Адолат ва Тараққиёт Партиясининг роли катта.

Бугун Туркия газеталарида, хусусан, Миллиёт” газетасида, мамлакат Конституцион суди собиқ Бош прокурори (Туркияда шундай мақом бор - “Ҳаракат”) Вурал Савашнинг “Ҳозирги Бош вазир Эрдўған ҳокимиятга келмасдан олдин мамлакатнинг дунёвийлик принципи йўқ бўлиш арафасида эканлигини айтарди. Ҳозир Туркияда шу реакцион куч ҳукуматда. Агар мен эски лавозимимда бўлсайдим, Адолат ва Тараққиёт Партиясини тақиқлаш ҳақида иш очган бўлардим” деган сўзлари эълон қилинди. Газеталарда Эрдўғаннинг бир вақтлар айтган “Ҳам дунёвийлик, ҳам мусулмончилик бўлиши мумкин эмас, ёки лоиқ (дунёвий - "Ҳаракат") бўласан ёки мусулмон” сўзлари ҳам эслатилган. Бу воқеа -Туркиядаги сиёсий инқироз янги даражага кўтарилганининг аниқ кўрсатгичидир.

17:00 - Тожикларнинг "Адолат"и, тўхтатилди, бизники тўхташ арафасида

Тожикистон демократик партиясининг пойтахтдаги собиқ раҳбари, "Адолат" газетаси Бош муҳаррири Ражаби Мирзонинг маълум қилишича, мамлакатнинг етакчи газеталаридан бўлмиш бу газетанинг фаолияти тўхтатиб қўйилган. Матбуот вазирлиги вакили Мирзо Бадалов бу - партиянинг янги лидери Маъсуд Собировнинг талаби эканлиги айтмоқда. Шу боисдан ҳам вазирлик мутасаддилари таҳририятга қўнғироқ қилиб, тайёр газета саҳифасини босмахонадан олиб қолганлар. Афтидан партиянинг ичида қандайдир муаммо бор.

Ўзбекистон "Адолат" социал-демократик партиясининг "Адолат" газеатси эса иқтисодий муаммолар гирдобида қолган. Газета ўқувчиларини йўқотиб, тиражи 1000 тага тушиб кетди. Кўпчилик журналистлар таҳририятнинг бундай аҳволга келиб колишида Бош муҳаррири Бахтиёр Абдусатторовни айблашмоқда. У ҳаддан ташқари эҳтиёткор бўлиб, Президент девонининг чизиғидан чиқмайди, танкидий мақолалар, фелетъонлар босмайди. Таҳририят ходимларга ҳатто маош ҳам беролмаяпти. Муассиснинг, яъни партиянинг эса эса боши қотган.

Ўзтелерадиокомпанияда Қуръон тиловати таъқиқланди

6 октябрда Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясида раис ўринбосари Зиёев ўтказган мажлисдан сўнг телевидение ва радиода берилаётган диний мавзудаги эшиттиришлар тўхтатилди. Хусусан, Ўзбекистон радиосининг 1-каналида эфирга узатиладиган "Кўнгил асрори" эшиттириш - диний йўналишда бўлгани, Рамазон кунларида айрим Қуръон оятларининг қироати берилаётгани сабабли тўхтатилди.

Ўзбекистон телеканалида эфирга чиқадиган "Рамазон туҳфаси" кўрсатувида эса Қуръон ва Ҳадислардан фойдаланиш кескин қисқартирилиб, ривоятлар ва нақлларга кенг ўрин берилиши таъкидланган. Ўзбекистон телерадиоканали директори Хуршид Давронга бу хусусда қаттиқ топширик берилиб, бу иш Президент девонининг назоратида экани айтилмоқда. Номини очиқламасликни сўраган телемухбирнинг таъкидлашича, бу ҳаракатлар Марказий Осиёда кризисларни ўрганиш ташкилотининг Ўзбекистон ҳақидаги хулосасидан кейинги эҳтиёт чораси эмиш. Хулосада Ўзбекистонда диндорлар таъсирида ижтимоий-сиёсий портлаш бўлиши мумкинлиги тахмин қилинган.