06 October 2006
03:00 -
21:30 - “Бирлик” ва “Тўмарис” фаоли Швецияда ҳам тинч турмаяпти 19:30 - Украина рус газидан воз кечиб, Марказий Осиёдан нажот олса нималар бўлади 8:00 - ЕХҲТ Варшавада инсон ҳуқуқлари бўйича йиғилиш ўтказмоқ
21:30 - “Бирлик” ва “Тўмарис” фаоли Швецияда ҳам тинч турмаяпти

Кeчa Швециянинг Хaрнocaнд шaxaрчасидaги гимнaзия талабалари “Бирлик” Партиясининг фаоли, Ўзбекистон “Тўмарис” хотин-қизлар ташкилотининг асосчиларидан бири, яқинда сиёсий бошпана олиб Швециянинг Крамфорс шаҳрига жойлашган Лутфи Йўлдошева билан учрашув ўтказдилар. Эртaлaб coaт 8 дaн 16 гaчa уч гуруҳ талабалар билан бўлган учрашувни Халқаро xoтин-қизлaр тaшкилoтининг шу ҳудуддаги бўлими ва гимназия ўқитувчилари уюштиришган. Лутфи Йўлдошева ҳозирда шу ташкилотнинг ҳам аъзосидир. Бундан бир неча кун аввал маҳаллий газеталар ўзбек сиёсий қочқини ҳақида репортаж эълон қилиб, унинг маҳаллий фаоллар билан биргаликдаги расмларини ҳам беришганди.

Лутфи Йўлдошева швед ёшларини Туркистон ва Ўзбекистоннинг тарихи билан таништирди. Замонавий медицинанинг асосчиси Ибн Сино, алгебрага асос солган Ал-Хоразмий, дунёнинг энг машҳур расадхоналаридан бирини яратган Мирзо Улуғбек, Америка қитъасининг борлигини назарий шаклда тахмин қилолган Ал-Беруний ҳақидаги ҳикоялар ҳаммани ҳайратга солди. Туркистоннинг руслар томонидан забт қилиниши, Октябрь инқилобидан кейин коммунистлар томонидан бу ўлканинг бешга парчаланиш каби тарихий воқеалар ҳам ҳамма тарафидан катта қизиқиш билан тингланди.

Ўзбек мухолифатчиси Ўзбекистон ва бошқа Марказий Осиё жумҳуриятларидаги миллий озодлик ҳаракатларининг фаолияти, “Бирлик” ва “Тўмарис”нинг тузилишга оид кўплаб воқеаларни ҳикоя қилиб берди, Фарғона фожеасидан Андижон хунрезлигигача бўлган воқеаларни тингловчиларга англатти.

Яқинда Швецияда бўлиб ўтган парламент сайловларидан олган сабоқларини ҳам тилга олган Лутфи Йўлдошева бу каби демократик сайловлар ўтказиш ўзбек мухолифатчиларининг орзуси эканлигини таъкидлади ва ўзбек демократлари 2007 йилда бўладиган президент сайловида қатнашиш учун ҳаракатда эканликларини билдирди.

У Ўзбекистондаги диктатуранинг моҳиятини англатиш учун Жасликда қандай концлагерь қурилгани, минглаб ўзга фикрловчилар бу ва бу каби қамоқхоналарда азоб чекаётганларини урғулар экан, халқ дардини айтган ҳофиз Дадахон Ҳасан устидан олиб борилган суд жараёнини ҳам эслатиб ўтди.

Маҳаллий фаоллар бу тадбирнинг ўқувчилар учун фойдали бўлганини айтиб, бу каби учрашувларни мунтазам шаклда уюштиражакларини билдиришди.

19:00 - Украина рус газидан воз кечиб, Марказий Осиёдан нажот олса нималар бўлади

ИТАР-ТАССнинг хабарига кўра, Украина 2007 йилдан бошлаб Россия газини сотиб олишни тўхтатади ва газни Туркманистон, Қозоғистон ва Ўзбекистондан олишга бошлайди. Газ, табиийки, Россия орқали транзит қилинади. Агар, руслар бунга тўсқинлик қилиш мақсадида транзит нархларини оширсалар, Украина ҳам ўз ҳудудларидан Европага ташиладиган рус гази учун транзит нархини оширади. Бу хабар Украина ёқилғи ва энергетика вазири Юрий Бойкога асосланиб тарқатилган.

Бу хабар тўғри бўлса, дейди “Ҳаракат” мухбири, у МДҲ ичида янги стратегик ўзгаришларнинг дебочаси бўлиши мумкин. Маълумки, Россия айнан газ масаласида Украина билан жанжал қилиб, унинг баҳонасида Украинанинг Европага йўналтирилган сиёсатини бузиш ва қолган мамлакатларни ҳам Украина мисолида қўрқитиб, уларни ўз орбитасида маҳкам ушлаб туриш эди. Украина газ масаласида русларнинг қаршилигига қарамасдан Туркманистон, Қозоғистон ва Ўзбекистон билан келишолса, бу русларга қарши тўрт мамлакатнинг исёни деб баҳоланишини ҳамма тушунади. Россияга нисбатан етарлича мустақил сиёсат олиб борадиган Қозоғистон ва Туркманистонни қўйиб турайлик, доимо Россиянинг вассали сифатида яшаб келган Ўзбекистон президенти Ислом Каримов қандай қилиб бундай жасоратли қадамга рози бўлганини изоҳлаш қийин. Балки, у ҳам янги стратегик ўзгаришларга эргашишдан бошқа йўли йўқлигини кўраётгандир. Нима бўлганда ҳам, бу каби ўзгаришлар Гуржистоннинг қўрқмасдан русларга қарши сиёсат олиб бораётгани билан боғлиқлигига шубҳа йўқ. Бу воқеаларнинг ҳаммаси умумий илдизга эга.

Бошқа хабарларга қараганда, шу йил 4 октябрда Украина Ўзбекистондан йилига 7 миллиард кубометр, Қозоғистондан 8,5 миллиард кубометр, Туркманистондан 42 (!) миллиард кубометр газ сотиб олиш тўғрисида шартнома ҳам имзолаб бўлган. Украинанинг йилига 78 миллиардов кубометров газга эътиёжи бор, ўзи 20 миллиард кубометр газ ишлаб чиқаради. Ўтган йили бу мамлакат ҳудудидан 120 миллиард кубометр газ, асосан русларники, Европага транзит қилинган. Демак, Украина газ транзитидан оадигшан фойдасидан ташқари, ўз газини ҳам Европага сотиш имконига эга бўлади.

8:00 - ЕХҲТ Варшавада инсон ҳуқуқлари бўйича йиғилиш ўтказмоқда

Шу кунларда Польшанинг пойтахтида Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти анъанавий йиллик мажлис ўтказмоқда. Унда бу ташкилотга аъзо мамлакатларнинг ташқи ишлар вазирликлари ва инсон ҳуқуқлари масалалари билан шуғулланувчи ноҳукумат ташкилотларнинг вакиллари қатнашмоқдалар.

Ўзбекистондан келган расмий вакиллар – Ташқи ишлар вазирлигидан Азиз Алиев, Инсон ҳуқуқлари марказидан Лариса Кашинская. Ноҳукумат ташкилотлардан – Васила Иноят (“Эзгулик” жамияти, “Бирлик” Партияси), Тамара Чикунова (Оналар ўлимга қарши комитети), Суҳроб Исмоилов ва Дилобар Худайберганова (Веритас жамияти). Ҳукумат хўжа кўрсинга тузиб қуйган қандайдир ҳуқуқ ҳимоячиси ташкилотларнинг вакиллари ҳам бор.

Чет элларга чиқиб кетишга мажбур бўлган яна бир қатор ўзбек ҳуқуқ ҳимоячилари ҳам бугун-эрта бу ерга келиб, йиғилишга қатнашишлари кутилмоқда.

Йиғилиш турли масалаларга бағишланган секциялар шаклида ишлар экан, уларда асосан ноҳукумат ташкилотларнинг вакиллари тингланмоқда. Масалан, кеча эрталабги секция инсон ҳуқуқлари топталаётган мамлакатларда судларнинг аҳволига бағишланган бўлса, тушдан кейинги секция қийноқлар масаласига бағишланди. Бу иккала секцияда ҳам номлари тилга олинган ўзбек ҳуқуқ ҳимоячилари фаол қатнашдилар.

“Бирлик” Партияси раиси Абдураҳим Пўлатнинг яқинда АҚШнинг Хельсинки Комиссиясида қилган “Мухолифат тарқоқ, лекин ҳаракатда, Ғарб эса ёрдамга шошилмаяпти” номли мақоласи инглиз ва рус тилларида йиғилиш қатнашчиларига тарқатилди.