05 October 2006
03:00 -
23:00 - Бирлик" фаоли 6 йилга озодликдан маҳрум этилди - Отаназар Ориповнинг акаси вафот этди
23:00 - Бирлик" фаоли 6 йилга озодликдан маҳрум этилди

Бугун, 5 октябрда жиззахлик мухбирларимиздан яна бир совуқ хабар олдик. Куни кеча тергов изоляторидан суд залига келтирилган "Бирлик" фаоли, журналист Улуғбек Хайдаровнинг иши ҳарбий дала судларига хос зудлик билан кўрилиб, судья Шуҳрат Худойбердиев томонидан уни олти йилга озодликдан маҳрум қилиш ҳақида ҳукм ўқилган. Амалдаги Жиноят кодексининг 165-моддаси (Товламачилик) билан айбланган мухолифатчига прокурор саккиз йил қамоқ жазосини сўраган эди. Ўзбекистоннинг “одил” суди эса уни бор-йўғи 6 йилга ҳукм қилди.

Бу ишда ягона жабрланувчи Раҳима Абдуллаеванинг суд мобайнида Улуғбекнинг фойдасига кўрсатма бергани, суддан унга берилажак жазони енгиллаштиришни сўраганини ёзишмоқда. Мухбирларимизнинг бу хусусдаги сўровларига жиноят ишлари бўйича Жиззах вилояти суди маъмурияти воқеанинг бундай бўлмаганини айтиб, жавоб берди. Улугбекнинг адвокати Ғиёс Номозов билан эса, боғланишнинг имкони бўлмади. Ҳозирда маълум бўлишича, Улуғбекнинг ўзи, авваллари ҳам бошқалар билан бўлгани каби (масалан, Дадахон Ҳасан, Ҳамдам Сулаймон ва бошқаларнинг судлов жараёнини эсланг) судда кузатувчиларнинг иштирок этишини хоҳламаган.

Отаназар Ориповнинг акаси вафот этди

"Эрк" демократик партияси фракцияларидан бирининг фаоли Отаназар Ориповнинг акаси Ғоипназар Орипов узоқ давом этган хасталикдан сўнг 3 октябрда 72 ёшида вафот этди. У киши физика-математика фанлари доктори, ядро-физика соҳасида олим эди.

Отаназар ака ва марҳумнинг оила аъзоларига сабр-бардош тилаймиз. Аллоҳ шундай муборак кунларда марҳумининг тупроғини енгил қилсин!