25 March 2011
02:37 - Медведев ва Путиннинг рейтинглари тушмоқда, аммо бу вақтинчалик нарса
Ўрисларнинг расмий матбуотида Россиянинг ҳақиқий хўжайини Владимир Путин ва унинг қўғирчоғи – президент Дмитрий Медведевнинг рейтингларини кўрсатувчи Левада-центр номли жамоатчилик фикрини ўрганишга мутахассислашган муассасанинг охирги маълумотлари эълон қилинди.

2011 йил март ойида россияликларнинг 66 фиози Дмитрий Медведевнинг президентлик фаолиятини маъқуллабди. 2010 йилда бу кўрсатгич 75%, 2009 йилда 71% бўлган экан.

Владимир Путиннинг фаолиятини бу йил маъқуллаётганлар 68% бўлса, 2009 ва 2010 йиллари 78% бўлган экан.

Шу рақамлардан келиб чиққан Россиянинг оммавий ахборот воситалари Путин-Медведев тандемининг рейтинги сўнги 2 йил ичида минимал даражага тушганини урғулашмоқда.

Аммо, дейди мухбиримиз, бу минимал рейтинглар ҳам дунё мамлакатларидаги аҳвол билан солиштирганда жуда юқоридир. Демократик давлатларда, одатда, лидерларнинг рейтинги 50 фоиз атрофида ўйнаб туради. Россияда Путин-Медведевнинг рейтинги бунчалик юқори эканлигининг ягона сабаби – кўпчилик одам учун ягона ахборот воситаси бўлган телеканалларнинг ҳукумат қўлида бўлганидир.

Россияда ярим диктаторлик ярим авторитар режимнинг ҳукумронлиги давом этар экан, Путин-Медведевнинг рейтинглари қайтадан ортишини кутиш лозим.