20 March 2011
12:00 - Мирзиёев Ўзбекистон радиосига келди, телерадокомпания раиси Хўжаев фаррошлик қилди
Наврўз байрами тантаналарига сўнгги тайёргарликни кўздан кечириш учун кеча Ўзбекистон радиосининг овоз ёзиш студиясига келган Ўзбекистон Бош вазири Шавкат Мирзиёевнинг ташрифи муносабати билан Ўзбекистон телерадокомпанияси раиси Алишер Хўжаев бир муддат фаррошга айланди, деб хабар қилди радиожурналистлардан бири.

Ҳукумат раҳбарининг ташрифи олдидан радио биноси ичида пайдо бўлган ёқимсиз ҳид (балки пайдо бўлмагандир) Алишер Хўжаевни саросимага солиб қўйди ва раис қўлига ҳаво тозалагич (дезодорант) олиб, уни хоналарга пуркаб чиқди. Кейин қўлига латта олиб, фаррошлардан қолган чангларни артган бўлди.

Шавкат Мирзиёев тайёргарликдан кўнгли тўлиб қайтди, дейди яна ўша журналист.

Бугун пойтахтдаги Миллий Боғда ҳукумат учун ташкил қилинадиган байрам тантаналари ўтказилади. Яна Ислом Каримнинг муқом қилиши ва мамлакатнинг оламшумул ютуқлари ҳақида ваъз ўқиши кутилмоқда. 21 март куни эса оддий одамлар учун халқ сайллари ўтади.