28 September 2006
03:00 -
8:00 - Каримов қимматли қоғозлар бозорини ривожлантирмоқчи - Ўзбекистонликлар меҳр-шафқатга "зор" эмас - Бехзод Йўлдошев Ўзбекистонни тарк этганми?
8:00 - Каримов қимматли қоғозлар бозорини ривожлантирмоқчи

27 сентябрда Ислом Каримов "Қимматли қоғозлар бозорини янада ривожлантириш тўғрисида"ги Қарорга имзо чекди. Қарорда қимматли қоғозлар бозорини ривожлантириш ва унинг ошкора, самарадорлигини таъминлашни кўзда тутувчи бир қатор ислоҳотларни амалга ошириш айтилган. Хусусан, қарорда қимматли қоғоз ва облигациялар бозорини ривожлантиришни давлат тасарруфидан чиқарилган корхоналарнинг акция ва мулклари ҳисобига ривожлантириш, акциядорлик жамиятлари барпо этиш кўзда тутилган. Шунингдек, шу турдаги бозор маҳсулотлари чиқариш ҳуқуқи фақатгина очик турдаги акциядорлик жамиятлари зиммасида қолдирилган.

Аммо Ўзбекистондек иқтисоди заиф, бошқарув тизими коррупциялашган давлатларда қимматли қоғозлар бозорини ривожлантириш мушкул. Боз устига, деярли қулай инвестицион муҳит бўлмаган, фуқароларнинг иқтисодий ва мулкий манфаатлари чекланган, уларнинг қимматбаҳо қоғозларга ишончи йўқолган паллада. Бироқ бу амалга ошиши қийин бўлган ислоҳотга киришишнинг ўзини ютуқ сифатида баҳолаш мумкин.

Ўзбекистонликлар меҳр-шафқатга "зор" эмас

Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси нозирлари мамлакатдаги Mercy Corps (Меҳр-шафқат корпуси)нинг ваколатхонасига ёпишиб олишган. Гўё бу ваколатхона ходимлари ўтган йили микрокредитлар дастурини амалга ошириш чоғида 557 минг АҚШ доллари миқдоридаги нақд пулни чўнтакларига уриб қолишган. Қўмита вакилининг зўр бериб тушунтиришича, бу пул ташкилот томонидан берилган кредит ва устама фоизларни қайтариш ҳисобидан амлга оширилган. Яъни бу сумма банка кирим қилинмай, водий вилоятларидаги бўлимларда қолиб кетган.

1979 йилдан бери дунёнинг 80 мамлакатида фаолият олиб бораётган бу ташкилотнинг Ўзбекистонда паймонаси тўлганга ўхшайди. Солиқчиларнинг зўр ғайрат билан ишга киришганларига қараганда меҳр-шавқат улашаётган бу ажнабийлар ҳукумат чангалидан осонликча қутулмайди, дейди мухбиримиз.

Беҳзод Йўлдошев Ўзбекистонни тарк этганми?

Ўзбекистон Фанлар Академиясининг собиқ Президенти Беҳзод Йўлдошев шу кунларда Тошкентда кўринмай қолди. Унинг узоқ қариндошлари олимнинг Австрияга йўл олганини айтишмоқда. Маълум бўлишича, бундан бироз муқаддам Европа Иттифоқининг бир қатор мамлакатларида бўлган
Ғафур Ғуломнинг кенжа куёви Атом энергияси бўйича МАГАТЭ ташкилоти вакилларидан таклиф олган ва ташкилотнинг Осиё мамлакатлари бўйича гуруҳида фаолият бошлаган.

Ўзбекистондан собиқ катталарнинг хорижга кетиб қолиши, ғойиб бўлиши билан боғлиқ миш-мишлар тез-тез тарқалади. Аммо уларнинг кўпчилиги тасдиқланмайди, дейди мухбиримиз. Нафақат Ўзбекистонда, балки собиқ иттифоқ мамлакатлари ядро-физика соҳасидаги олимлари орасида таниқли бўлган Бехзод Йўлдошевнинг Венага кетганини унинг яқинлари ҳам рад этмаяпти. Бироқ олимнинг уйига қўнгироқ қилган мухбирларимиз бу маълумотни тасдиқлатиб ҳам ололмади.