13 March 2011
08:17 - Бокуда демократик мухолифатнинг намойишларига йўл берилмади, Ўзбекистон билан ўхшашликлар бор
Жума куни баъзи демократик партияларнинг ёшлари Бокуда “11 март – буюк ғазаб куни” шиори остида намойиш ўтказишни режалашираётгани, бир кун аввал уларнинг лидерлари милиция томонидан ушлангани ҳақида аввал хабар бергандик. Шу сабабли, 11 март куни катта намойиш уюштириш имкони бўлмаган.

Кеча эса, мухолифатнинг асосий кучларидан бири – “Мусават” Партиясининг ёшлари намойиш ўтказишга ҳаракат қилишди, аммо бир неча юз киши милиция тарафидан тарқатиб юборилди, тахминан 50 ушлаб кетилди, дейилади ББСнинг хабарида.

Озорбайжоннинг расмий Тренд агентлиги Ички ишлар вазирлигига асосланиб билдиришича, “Мусават” Партиясининг вакиллари бу намойишни шаҳар марказидаги Фавворалар майдонида ўтказиш учун ўз вақтида шаҳар ҳокимлигига ариза беришган. Аммо, ҳокимлик, турли баҳоналар кўрсатиб, намойиш ўтказиш учун шаҳар марказидан узоқда бўлган бир стадионни таклиф қилган, мухолифатчилар буни рад этишган.

Бокудада бўлаётган воқеалар билан бундан 22 йил аввал Тошкентда бўлган воқеаларни солиштиришдан фойда бор, дейди мухбиримиз.

“Бирлик” Халқ Ҳаракатининг Ислом Каримнинг ноғорасига ўйнаган эркчилар (ҳозир уларни 53-54-чилар дейишади) тарафидан қандай парчаланганини кўрсатувчи сайтимизга ҳам қўйилган “Можаро” фильмида шундай кадрлар бор. 53-54-чилардан бири шундай дейди: “Ҳукумат бизга митинг ўтказиш учун бир стадион ҳам бермоқчи эди, аммо Абдураҳим Пўлатов митингни Ленин майдонида ўтказамиз деб туриб олди ва тартибсизликларга йўл очди.” “Бирлик” лидерининг жавоби шундай бўлган: “Сиёсий митинглар сиёсий майдонларда ўтказилади. Бир стадионда ўн минглаб кишиларнинг ҳеч ким кўрмайдиган йиғилишидан, майдонга чиққан бир неча ўн кишининг намойиши самаралироқ бўлади.”

Ҳеч шубҳа йўқки, Абдураҳим Пўлат ўшанда ҳақ бўлган. Буни ҳозир ҳамма тушунади. Аммо, ўша 53-54-чилардан биронтаси ўша пайтдаги сиёсий саводсизлиги сабабли “Бирлик”нинг парчаланишига йўл очиб бергани учун миллатдан кечирим сўрамаяпти. Сўраши керак. Тўғрироғи, миллат буни талаб қилиши керак. Бундай вақт ҳам келади ҳали.