04 March 2011
00:12 - ЕХҲТнинг жорийдаги раиси Ўшдаги аҳволдан безовта
Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг жорийдаги раиси, Литва ташқи ишлар вазири Аудронюс Ажубалис Қирғизистонга қилаётган ташрифи доирасида Қирғизистон ўзбекларининг пойтахти Ўшга ҳам борибди ва бугун Бишкекда журналистлар билан учрашар экан, шундай гаплар айтибди:

“Ўшга бориб келгач, маълум даражада безовтаман. Ҳатто, айтиш мумкинки, жиддий безовтаман. У ерда мен ўтказган мулоқотлар шуни кўрсатмоқдаки, сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий соҳада тез ўзгаришлар бўлиши хусусида ортиқча умид йўқ. Ўн йиллардан бери йиғилиб қолган муаммоларни бир ой ёки бир йилда ечиб бўлмайди. Мен бу ҳақда Бош вазирга ҳам айтдим. Аҳволнинг ўзгаришига у ерда яшовчиларнинг ўзи ҳам ишонмагандан кейин, ғариб таасуротлар қолиши табиий”.

Қирғизистон раҳбарлари Аудронюс Ажубалиснинг қўйнини пуч ёнғоққа тўлдиришга ҳаракат қилганлари, унинг қуйидаги сўзларидан ҳам маълум бўлади: “Мени Бош вазирнинг (табиий, гап Қирғизистон Бош вазири Олмосбек Атамбаев ҳақида кетмоқда – “Ҳаракат”) энергия ва оптимизми рағбатлантирди. У аҳволни яхши билишини кўрсатиб, ўз ҳукумати дарҳол ҳал этмоқчи бўлган масалаларни тилга олди. Аммо, унинг оптимизм ва сиёсий иродасини жанубда ҳам билишлари лозим. Мен тушунаманки, вазият оддий эмас. Бизнинг таклифларимиз жуда оддий – Ислоҳотларни давом эттириш, мулоқотга ҳамма этник ва жамоат гуруҳларини тортиш керак”. У бошқа миллий гуруҳлар дискриминация қилинаётганини кўрсатувчи фактлар ҳақида маълумот олгани ва уларни ҳукумат вакилларига топширганини ҳам айтган.

Табиий, у этник ва миллий гуруҳлар деганда ўзбекларни назарда тутмоқда.

Аммо, дейди мухбиримиз, ҳозирги Қирғизистон ҳукумати қандайдир Аудронюс Ажубалиснинг гапларига қулоқ солиши ва ўзбекларга бўлган муносабатини ўзгартиришини кутиш ножиддийлик бўларди. Қирғизистон ўзбекларига нисбатан адолат тикланиши учун Ўзбекистондаги мажуд ҳокимият ўзбек миллатига нисбатан хоинларча олиб бораётган сиёсатини ўзгартириши керак.