03 March 2011
04:45 - Бугун 80 ёшга тўлган буюк Михаил Горбачевнинг ўзбеклар олдида айби ҳам бор
Собиқ СССРнинг биринчи ва охирги президенти Михаил Горбачёв бугун 80 ёшга тўлди.

Дунёнинг сўнгги империясини тинч йўл билан йўқ қилинишига бошчилик қилган бу киши, шубҳасиз, инсоният тарихининг энг буюк шахслари сифатида тарихда қолади.

Демократ эканлигига шубҳа бўлмаган Михаил Горбачевнинг аввалига Россиядаги Путин режимини, бевосита бўлмаса ҳам, қўллаб-қувватлаб келгани – унинг Борис Ельцинга бўлган ўта салбий муносабатининг акс садоси эканлиги кўпчиликка маълум. У сўнгги йилларда Путин-Медведев тандемини танқид қилишга бошлаганига қарамасдан, бугун Россия президенти Дмитирий Медведев унга Россиянинг энг юксак мукофоти – Муқаддас апостол Андрей Первозванний орденини бериш ҳақида фармон чиқарди, Горбачёв билан ўз қароргоҳида шахсан учрашиб, туғилган куни билан табриклади. Бу Путин-Медведев жуфтлигининг мажбурий қадами бўлгани ҳам ўз-ўзидан маълум.

Борис Ельцин ўз қўли билан Россияни КГБчи Владимир Путин қўлига топширгани унинг хатоси эмас, КГБнинг махсус операцияси эканлигини ҳозир ҳамма тушунади. Михаил Горбачев томонидан Ўзбекистон бошига ҳозирги президент Ислом Каримнинг олиб келиниши ҳам Горбачевнинг хатоси эмас, КГБнинг махсус оперциясидир. Шундай бўлса-да, вақти келиб ўзбеклар Михаил Горбачевни, энг камида, бу ишнинг олдини олмасликда айблашлари муқаррар. У тириклигида бу масалага очиқлик киритса, ўзи учун ҳам яхши бўларди.