22 February 2011
04:34 - 2010 йилда "GM Uzbekistan" Россияда 74419 та автомобил сотди
Европа бизнеси ассоциациясининг Авто ишлаб чиқарувчилари қўмитасинининг пресс-релизида ўтган йилда қўшма корхона Россияда 74419 та автомобил сотганлиги хабар қилинади. Бу 2009 йилги кўрсаткичдан 45% юқори. "GM Uzbekistan" автомобиллари қаторида энг машҳури Nexia бўлди. 2009 йилдагига нисбататан унинг сотилиш ҳажми 56% га кўпайиб, 43943 та автомобилни ташкил қилди ва у Россияда энг кўп сотиладиган автомобиллар рўйхатида 8- ўринни эгаллади. 30476 дона сотилиш ҳажми билан (31% га ўсиш) Матиз рўйхатда 11- ўринни эгаллади.

Ўзбекистон автомобиллари Opel, Peugeot, Reanault, Toyota, Nissan, Kia, Suzuki, Hyundai, Skoda каби автомобил ишлаб чиқарувчиларнинг машҳур моделларини ортда қолдирди. Бу "GM Uzbekistan" машиналарининг юқори даражадаги обрўсини ва ишончлилигини яна бир бор исботлайди.

Миллий автомобил ишлаб чиқарувчилари учун бу йил ҳам муваффақиятли бошланди. Жорий йилнинг январ ойида "GM Uzbekistan" томонидан ишлаб чиқарилган автомобилларнинг Россияда сотилиш ҳажми 4605 донани ташкил қилди. Бу ўтган йилнинг шу давр кўрсаткичидан 53% га юқори. Nexia модели авто ишлаб чиқарувчимизнинг энг машҳур автомобили бўлибгина қолмай, Россияда энг кўп сотиладиган автомобиллар рўйхатида 7 – ўринга чиқиб олди.

Январ ойида 2809 та автомобил сотилди (таққослаш учун: 2010 йил январда сотув ҳажми 1747 донани ташкил қилган эди, яъни ўсиш 61% ни ташкил қилди). Сотув ҳажми 1796 донани ташкил қилган Матиз ўтган йилнинг январ ойига (1265 та автомобил) нисбатан яхши кўрсаткичларга эришган ҳолда, Россияда энг кўп сотилдаиган енгил машиналарнинг 25 талиги рўйхатида 18 ўринни эгаллади. // uzreport.com