20 February 2011
02:35 - Ўзбекистонда кадрлар ўзгариши: ҳаммаси ими-жимида...
Мустақилликнинг дастлабки йилларида “Бирлик”нинг парчаланишида асосий роль ўйнаган 53-54-чилар гуруҳининг раҳбари Салой Мадамин Компартия рўйхатидан Ўзбекистон халқ депутати қилиб қўйилган бўлса, бу гуруҳнинг кўзга кўринган шахсларидан бири, Ўзбекистон халқ шоири Усмон Азим Ўзбекистон Президентининг ёшлар масалалари бўйича Давлат маслаҳатчиси лавозими билан сийланганди. Миллий озодлик ҳаракатига хиёнати эвазига тортиқ қилинган бу лавозим у Оқсаройдан қувилгач, таг-томири билн йўқ бўлиб кетди.

Бироқ кеча бу лавозим қайта тикланиб , у Республика Маънавият тарғиботи маркази раҳбари бўлиб ишлаб келаётган шоир Минҳожиддин Мирзога берилган. Энди мамлакатда ёшларни манқуртлаштириш сиёсатига маъсул киши ҳисобланади.

Республика Маънавият тарғиботи марказига эса маддоҳлиги билан ёшлигиданоқ ном чиқарган шоир, Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати аъзоси Иқбол Мирзо раҳбар этиб тайинланди. У шу пайтга қадар Ўзбекистон телевидениесида Бош муҳаррир, Ўзбекистон Ёзувчилари уюшмаси раиси ўринбосари авозимларини ҳам банд қилиб келаётганди.

Шунингдек, муқаддам Президентнинг Давлат маслаҳатчиси бўлган, сўнгра “Халқ сўзи - Народное слово” газеталари муҳаррири сифатида уни бўғиб турган Ўткир Раҳмат Ўзбекистон Маданият ва спорт ишлари вазири этиб тайинланган.

Ҳукумат қарори ва Президент Фамони билан амалга ошириладиган бундай кадр ўзгаришлари ҳақида негадир расман хабарлар тарқатилмаяпти. Ҳар ҳолда, ҳукумат кунда кадар алмаштириш ва уни эълон қилишдан уялаётгандир, дейди мухбиримиз.