18 February 2011
23:30 - АҚШ делегацияси вакиллари “Эзгулик” офисига ташриф буюришди ва жамиятнинг асосий вазифаси сиёсий ҳуқуқларни ҳимоя қилиш эканлигини ўрганишди
АҚШ Давлат Котибининг ёрдамичи Роберт Блейкнинг Ўзбекистонга ташрифи доирасида, у билан келган ҳайъат аъзолари фуқаролик жамияти вакиллари билан учрашувлар ўтказишди. Масалн, бугун Давлат департаментининг Демократия, инсон ҳуқуқлари ва меҳнат бюроси мулозими Жефри Ҳолкинс, АҚШ ҳукумати қошидаги Хельсинки комиссияси мулозими Женис Ҳелвиг АҚШнинг мамлакатимиздаги элчилиги вакиллари ҳамроҳлигида Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамиятига ташриф буюришди. Жамият номидан меҳмонларни қарши олган Марказий бошқарув аъзоси, журналист Абдураҳмон Ташанов жамият фаолияти, унинг инсон ҳуқуқлари борасидаги ҳисоботлари ҳақида гапириб берди.

Меҳмонлар дастлаб жамиятга ҳукуматнинг муносабати, офисдан ўғирланган ва мусодара қилинган оргтехникалар, уларнинг тақдири билан қизиқишди. Шунингдек, инсон ҳуқуқлари вазияти борасида бир қатор умумий шаклдаги саволлар беришди ва сиёсий ҳуқуқлар, сўз эркинлиги, болалар меҳнати, қийноқлар, диний эркинликлар, коррупция ва суд-ҳуқуқ тизими мавзулари борасида ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди.

Инсон ҳуқуқлари ва меҳнат бюроси мулозими Жефри Ҳолкинс жамиятнинг айнан қайси ҳуқуқларни устивор вазифа сифатида белгилаши билан қизиқди. Жамият фаоли Абдураҳмон Ташанов ҳеч бир соҳанинг аҳамияти бошқасидан кам эмаслиги, агар танлаш лозим бўлса, бу шубҳасиз, сиёсий ҳуқуқлар масаласи эканини таъкидлади ва Адлия рўйхатидан ўтишга уринаётган “Бирлик” Партиясининг кураши, бу партия аъзоларининг сиёсий ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган ҳаракатлар хусусида батафсил сўзлаб берди.

АҚШнинг мамлакатимиздаги элчилиги иқтисодий ва сиёсий масалалар бўлими раҳбари Ҳолли Томас “Ҳаракат” интернет нашрида чоп этилаётган коррупция ва порахўрликка оид хабар ва мақолалар хусусида саволлар билан мурожаат қилди ва бу борада жавоблар олди. Меҳмонлар яқинда ҳибсга олинган жамият фаоли Турсунбек Тўразода иши, “Жиҳодчилар” диний радикал оқимига мансубликда айбланиб, Қашқадарёда узоқ йиллик қамоқ жазоларига ҳукм қилинган шахслар тақдири билан қизиқишди.