02 February 2011
01:11 - Каттақўрғонда қароқчиларга туман ҳокими ҳомийлик қилмоқда! (“Эзгулик” жамиятининг пресс-релизи - №4, 01.02.2010)
Халқ депутатлари Каттақўрғон тумани кенгаши Пирматбой Ўсаровни қонунбузарликларнинг йўлини тўсар, коррупциянинг пайини кесар, деган умид билан туман ҳокими этиб сайлаганди, лекин афсуски, бу шахс қароқчиларга қўшилиб кетди, деб ёзди маҳаллий фуқаролар жамиятимизга йўллаган шикоятида. Гап шундаки, Ўзбекистон ССР Олий советининг Қорадарё сайлов округидан сайланган депутати, собиқ Молия вазири Ислом Каримов (жорийдаги мамлакат президенти) ўтган асрнинг 88, 89-йилларида ташаббус кўрсатиб, тумандаги Мойбулоқ жамоа хўжалиги ерларининг мелиоратив ҳолатини яхшилаш мақсадида Кўкча сув омборидан Андоқ қишлоғигача бўлган 4,5 километрда қувурлар ётқизган, диаметри 100 см бўлган бу улкан қувурлардан оби ҳаёт оқиб, дашт ерларини обод қилиши лозим эди.

Ҳажми 90 миллион куб метрни ташкил этадиган Кўкча сув омбори каби қудратли стратегик иншоот барпо этиш ортидан маҳаллий инфраструктурани тубдан ўзгартириш, 7000 гектар боғ барпо этиш, аҳолининг турли қатламларини иш билан таъминлашдек эзгу мақсад ўйланганди. Режанинг бир қисми яқин йилларгача амалга ошди, сув омбордан келаётган оби-ҳаёт Андоқнинг даштларидаги 1000 гектарга яқин дарахтзорларни обод қила бошлаганди. Даштнинг қиёфаси ўзгариб, одамлар сув келтирганларнинг ҳаққига дуо қилаётганди. Бироқ ўтган йилнинг баҳор ойларида 4,5 километрлик улкан қувурлар ғойиб бўла бошлади.

Ҳажми уйдек келадиган насослар талон-тарож қилиниб, даштга сув келиши тўхтади. Ўша пайтдаги депутат, ҳозирги Президентнинг маҳаллий инфраструктурани тубдан ўзгартириш, ободонлаштириш ғояси чиппакка чиқди. Ерлар ҳоким Ўсаров билан салом-аликни қуюқ қилган фуқаролар ўртасида хомталаш қилинди. Масалан, биргина Андоқ хўжалигининг собиқ раиси Холбўта Пирназаровнинг ўзида 7 та ҳужжатсиз, ҳисоботларда кўрсатилмаган томорқалар мавжуд экан. Собиқ раис хўжаликнинг катта-катта техникаларини арава баҳосида ўзлаштиргани етмагандай қудаси Шукур Нурматовга 40 гектарлик ўрмонни салкам хусусийлаштириб берибди. Маҳаллий ер тузувчи Муродилло Мамадиёров қариндошларига 20-30 гектардан (!) томорқаларни улашган.

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси топшириғига кўра, ўтган йилнинг март ойида хўжаликда текширувлар ўтказган “Ўздавлойиҳа” институти тафтишчиси Муродилло Ёрмаматов ҳисоботларда кўрсатилмай келаётган 2356 гектар ер участкаларининг талон-тарож қилинганини аниқлади. Бундан кейин келган текширувчилар амалдаги 8000 гектар ернинг ҳисоботларда атиги 2665 гектар сифатида кўрсатиб келинаётганига амин бўлишди. Бироқ натижага келганда текширувчилар изсиз ғойиб бўлишмоқда: тумандаги коррупцион халқа ё уларнинг оғзини мойлади, ё... Фуқаролар Шерали Ўтанов, Саттор Ҳотамов, Тоштемир Санақуловларнинг Бош прокуратура, Президент девони, Вазирлар Маҳкамасига тегишли ҳужжат ва далиллар билан йўллаган шикоятлари сувга тушган тошдек изсиз кетмоқда.

Эътибор беринг, икки гапнинг бирида Бош вазирнинг одами эканини писанда қиладиган ҳоким Пирматбой Ўсаровнинг атрофида бир талай жиноятчилар: туман ҳокимлигининг ер ресурслари бўлимига раҳбарлик қилаётган Амриддин Шаропов икки йилда совуққонлик, мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш, талон-тарожлик билан 4 марта судланган. Ҳокимлик аппарати вакили Бердиёр Ибрагимов, канцелария бўлими мудири Шаҳобиддин Қодиров, туман “Маҳалла” жамғармаси раиси Мухтор Тоҳировлар бир неча марта судланган. Туман ҳокими ўриносари Инобат Дониёрова пора билан қўлга олинди, ҳокимнинг яна бир ўринбосари Неъмат Расулов жазони ўтаб қайтди. Булар “Эзгулик” фаолларига маълум бўлгани, бўлмаганлари қанча экан.

Яқинда Президент Ислом Каримов халқ депутатлари Самарқанд вилояти кенгаши сессиясида вилоятдаги коррупция ва уюшган жиноятчилик ҳақида гапирар экан, айнан талон-тарожлик ва мансаб суиистеъмоллигига тўхталди. Натижада вилояти ҳокими, вилоят ИИБ раҳбари, прокурор ва қатор мутасадди шахслар ишдан олинди. Уларнинг ўрнига янгилари келтирилди. Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти вилоятнинг янги таркибдаги раҳбариятини Каттакўрғондаги жиноятларни тафтиш этиш, ҳоким бошчилигидаги қонунбузарлар йўлиши тўсишга чақиради. Аксинча, ер остидаги қувурларни ўмараётганларнинг Кўкча сув омбори платиналарига ҳам чанг солмаслигига кафолат йўқ.