29 January 2011
22:28 - Нурсултон Назарбойнинг сиёсий ўйинлари давом этмоқда, паранойя элементлари йўқ эмас
Қозоғистон Парламенти президентнинг ветосини ҳатлаб ўтиб, президентининг ваколатларини референдум орқали узатиш ҳақидаги конституцион қонун лойиҳасини иккинчи марта тасдиқлагач, Нурсултон Назарбой уни имзолашга мажбур. Бу - Конституция талаби. Табиий, НН бу ўйинларни бошлаганда, охири шундай бўлишини биларди.

Аммо, унинг кеча ўтказилган Парламент палаталари қўшма мажлисидаги нутқи кўрсатмоқдаки, мақсад – ўйинни яна чўзиш. Маълум бўлишича, НН қонун лойиҳасини имзолаш ўрнига, уни Конституцион Кенгашга юборибди. “Конситуцион Кенгаш янги қонуннинг конституционизм ва қонунчилик принципларига зид эмаслигини тасдиқлгаандан кейингина сўнгги қароримни бераман”, деди у Парламентдаги нутқида.

Ҳозир Нурсултон Назарбойнинг обрўси қозоқлар ичида шунчалик баландки, у референдумсиз ҳам навбатдаги сайловларда ғолиб чиқади. Шундай экан, ҳозирги ўйинларнинг нима кераги бор?

Ҳозирча бу саволнинг жавоби йўқ. Бир йилдан кейин бўладиган сайловларгача унинг обрўси тушиб кетишидан қўрқиш эса, ножиддийлик бўларди. Яна ким билсин, бу биз учун ножиддийлик каби кўринар. ННнинг эса ўз ҳисоб-китоблари бор. Дарвоқе, Нурсултонимиз паранойяга мубтало бўлмадимикан?