30 January 2011
01:38 - Ҳусни Муборак “ислоҳотларини” бошлади
Аммо уларнинг демократияга ҳеч алоқаси йўқ. Мақсад - мавжуд тузумни янада мустаҳкамлаш.

Мамалакат Конституциясида вице-президент лавозими борми-йўқми бизга номаълум, лекин шу пайтгача амалда вице-президент йўқ эди. Бугун Ҳусни Муборак вице-президент қилиб Истиҳборот (Разведка) Хизматининг раҳбари Умар Сулаймонни тайинлади. Ал-Жазира телеканаланинг айтишича, Ҳусни Муборакнинг ўзи президент бўлишдан олдин айнан Истиҳборот Хизматига раҳбарлик қилган.

Ҳусни Муборак бугун янги Бош Вазир ҳам тайинлади. Бу лавозимга шу пайтгача мамлакат Ҳарбий Ҳаво Кучларининг қўмондони бўлиб келган Аҳмед Шафик олиб келинди. Яъни, Мисрда ҳокимият ҳарбийлаштирилмоқда.

Айни замонда, Ал-Арабия агентлигининг хабарига кўра, парламент спикери вақтли президент сайлови бўлмаслигини, сайлов аввал белгиланганидек шу йил сентяябрь ойида ўтказилишини билдирибди.

Ҳусни Муборакни истеъфога чиқариш ва дарҳол президент сайлови ўтказиш талаби билан бўлаётган намойишлар давом этмоқда. Полиция ва армия борган сари қаттиқроқ ҳаракатлар қилишга бошлашди. Тўқнашувларда ҳалок бўлганларнинг сони 100 дан ошди.

Диктаторнинг демократик йўл билан истеъфога кетиш эҳтимоллиги жуда кам. Шу сабабли бўлса керак, Ал-Жазира телеканали Ҳусни Муборакнинг Исроилга қочиши мумкинлиги ҳақида тахминлар билдирмоқда.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, шу пайтгача “Ҳаракат” агентлигидан бошқа биронта ахборот воситаси Ҳусни Муборакни Исроил қўғирчоғи деб атамаганди.