23 August 2006
03:00 - 20:00 - Прокурор ва ИИБ бошлиғи адвокатни калтаклашди - Нишонликлар ичимлик суви йўқлигидан азият чекишмоқда 14:30 - 53-54 Акром Йўлдошев ҳикояси учун ўзини намуна қилмоқда - Нефть-газ бойликларидан оддий ўзбекист
20:00 - Прокурор ва ИИБ бошлиғи адвокатни калтаклашди

Мухбиримизнинг Қашқадарёдан йўллаган хабарида Чироқчи тумани прокурори Ботир Салаев ва туман ИИБ бошлиғи Эркин Жўраевларнинг ўзаро тил бириктириб, туман адвокатураси адвокати Эркин Муродовни калтаклашгани айтилади. Ҳимояга мухтож ҳимоячи ҳозирда туман Марказий шифохонасида даволанишда. Маълум бўлишича, адвокат Муродовнинг ҳимоясидаги шахс норасмий диний ташкилот фаоли бўлиб, унинг жазоланишида адвокат ҳуқуқни муҳофаза килиш идораларига жиддий “ҳалақит”берган. Прокурор Салаев қулоқсиз адвокатни бир неча марта огоҳлантиргач, куч ишлатишдан бошқа чора тополмапти. Ҳозир маҳаллий тўралар бу ишни бости бости қилиш ҳаракатидалар.

Нишонликлар ичимлик суви йўқлигидан азият чекишмоқда

Қашқадарё вилоятининг Нишон тумани ўтган асрнинг 70-йилларида Қарши чўлини ўзлаштириш натижасида ташкил қилинган. Табиий ичимлик суви ва бошқа ресурслар бўлмаган бу туман асосан қишлоқ посёлкалари типида қурилган бўлиб, ичимлик суви водопроводлар билан етказиб берилади, экинларни суғориш эса каналлар орқали амалга оширилади. Асосий сув манбаи Амударё бўлган бу туман Туркманистон орқали сув билан таъминланади. Кейинги пайтда бу қўшни мамлакат билан бошланган совуқ муносабатлар нишонликларни жиддий ваҳимага солиб қўйди. Мана уч ойдирки, туманда ичимлик суви деярли йўқ ҳисоби. Аҳоли экинларни суғориш каналлари, зовурлардан сув ичмоқда. Айтишларича, Амударёдан сув кўтарадиган насосларни туркманлар тўхтатиб қўйишган.

Қашқадарё вилояти сув-оқова ташкилоти маълумотига кўра, вилоят маркази Қаршида ҳам кўп қаватли уйларга кунига икки соатгина ичимлик суви етказиб берилмоқда. Мамлакатимизнинг энг йирик аграр минтакаси бўлган бу вилоятда ҳатто қишлоқ хўжалиги экинларни суғориш учун ҳам сув муаммога айланган.

14:30 - 53-54 Акром Йўлдошев ҳикояси учун ўзини намуна қилмоқда

“Бирлик”ни бўлиш ишига раҳбарлик қилган Салой Мадаминов Ислом Каримов билан бир неча марта махфий равишда учрашгани ва ундан олган мукофатлари эвазига миллатфурушлик қилгани энди ҳаммага маълум. Ўша учрашувлардан кейин телевидение экранларига чиқарилган бу хоин, бирликчиларни русларга хизмат қилишда ҳам айблаб, ҳаммани “Эрк” сафларига чақирганди.

Бугун Салой акромийларнинг юрт ташқарисидан Ўзбекистонга қайтишлари ҳикоясини ўзича бичар экан, адабий прототип (намуна) сифатида ўзининг тақдирини олмоқда. Эмишки, Каримов шахсан Акром Йўлдошев билан яширинча учрашиб, ўз сафдошларини мамлакатга қайтишга чақиришни сўраган эмиш.

53-54 билан Акром Йўлдошев орасидаги паралелликни тўлатиш учун бир нечта элемент етишмай турибди: Акром Йўлдошев ҳам телевидениега чиқарилармикан, Каримов унга Салойдан олиб қўйган иккита квартирани берармикан ёки бу сафар оргиналроқ мукофат ўйлаб топилармикан?

Нефть-газ бойликларидан оддий ўзбекистонликларнинг косаси оқарармикан?

Ўзбекистон ҳукумати олтин ва бошка қимматбаҳо, рангли металл конларидан сўнг энди асосий эътиборини янгидан-янги углеводород конларини ишга солишга қаратди. Бугун президент Каримов “Ўзбекнефтгаз“ Миллий холдинг компанияси фаолиятини ташкил этишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида“ қарор чиқарди. Қарорга кўра, “Ўзбекнефтгаз“ ва унга қарашли компания хамда корхоналар қайта ташкил этилади. “Ўзбекнефтгаз“ таркибига кирувчи акциядорлик компаниялари бош директорлари вазирнинг биринчи ўринбосарларига, уларнинг ўринбосарлари вазир ўринбосарларига тенглаштирилади ва ҳ.к.

Қарорда мазкур ташкилий ўзгаришлар нефть-газ комплексини бошқаришнинг самарали тизимини шакллантириш, ягона техникавий сиёсат олиб бориш ва тармоққа хорижий инвестицияларни кенг жалб этиш мақсадида килинаётгани айтилади. Асл мақсад эса газ ва нефтни четга кўпроқ сотиб, мўмай даромад олиш имконини яратишдир. Кўринишидан, Каримов ниҳоят Назарбоевнинг изидан кетишга қарор қилган. Бундан оддий ўзбекистонликларнинг косаси окарармикан?