19 January 2011
07:35 - Туркияда ҳижобли қизлар мактаб ташқарисида қолишди, Исломда ислоҳотлар бўлмас экан, ишлар чатоқ
Туркия матбуотидаги хабарга кўра, Шонлиурфа вилоятидаги бир бошланғич мактабнинг 8-13 ёшли ўқувчи-қизларидан бир гуруҳи мактабга киритилмаса ҳам ҳижобини ечишдан бош тортибди. Ота-оналар ўз қизлари диний ишончларига содиқ бўлганлари учун шундай қилишаётганини айтишармиш. Ўқитувчилар эса мавжуд қонунларга кўра ҳижобли қизларни мактабга киритилмаслиги кераклигини рўкач қилишармиш. Натижада, қизлар ойлардан бери мактаб ташқарисида қолишган.

Шу ёшдаги қизлар ишончларига содиқ бўлганлари учун ҳижобдан чиқишни истамаганлари ҳақидаги лофга ҳеч ким ишонмаса керак. Ҳамма нарсани ота-оналарнинг ўзи қилишмоқда. Қизлари мактаб ташқарисида қолса ҳам ҳижобли бўлишсин деб ҳисоблашмоқда.

Балки, улар ҳақдир? Балки, айнан улар ҳақиқий мусулмондир? Йўқ, ундай эмас.

Биринчидан, ҳижоб кийиш ёки тақиш Исломнинг фарзлари қаторига кирмайди. Иккинчидан, одамларнинг олам ҳақидаги билимлари ошган сари, Исломнинг имон ва закотдан бошқа фарзларини бажариб бўлмаслиги маълум бўлмоқда. Масалан:

- Ер думалоқ бўлгани сабабли, Қаъбанинг горизонтидан ташқарида Каъбага қараб номоз қилиб бўлмайди,

- Ернинг қутбларига яқин жойларида қуёш чиқишидан қуёш ботишигача 5 маҳал номоз ўқиш ёки Рамазон ойида оғиз очмаслик тушунчалари маъносини йўқотади.

- Мусулмонларнинг сони ортиб бораётгани ва, айни замонда, Ҳажга бориши мумкин бўлган одамларнинг сони чегаралангани сабабли, мутлоқо кўпчилик мусулмонлар, моддий имкониятлари бор бўлишига қарамасдан, истасалар ҳам Ҳаж қилолмайдилар.

Демак, Исломда ислоҳотлар қилиб, Қуръоннинг фарзларга оид жойлари қайтадан тафсир қилиниши, Исломнинг ягона фарзи имон эканлиги тан олиниши лозим. Табиий, буни ислом уламолари қилиши керак. Бу – уларнинг муқаддас вазифаси. Шу пайтгача фарз деб ҳисоблаб келинган нарсалар шубҳа остига олинар экан, ҳижоб билан овора бўлиш қанчалик ножиддийлигини оддий мусулмонларга тушунтириш ҳам ўша уламоларимизнинг вазифасидир.