12 January 2011
02:51 - Ўзбекистон ва Озорбайжон қандай хабар алмашишмоқчи?
Мамлакатимиз ташқи ишлар вазирлигининг “Жаҳон” ахборот агентлиги тарқатган хабарга кўра, бу агентлик Озорбойжонда мустақил деб ҳисобланса ҳам, аслида Илҳом Алиев режимининг хизматкори бўлган “Тренд” ахборот агентлиги билан хабар алмашиш хусусида шартнома имзолаган.

“Жаҳон” агентлиги асосан Ўзбекистон президент Ислом Карим раҳнамолгида ҳамма соҳаларда гўёки буюк чўққиларга чиқиб бораётганини кўрсатаётган, аслида, хабар ҳам деб бўлмайдиган пропагандик мақолачалар тарқатадиган ташкилотдир. Бу мақолачаларнинг сони бир кунда 5-10 атрофида бўлади.

“Тренд” агентлиги ҳам Алиев ва Алиев режимини мадҳ қилишда устаси фаранг бўлса-да, бундан ташқари, кунига Озорбайжон ва жаҳон мамлакатларида бўлаётган воқеаларни ёритувчи 100 дан ортиқ хабар тарқатади, Турк дунёсида бўлаётган муҳим воқеаларни батафсил ёритади.

Шундай экан, бу икки агентлик қандай хабар алмашишини тушуниш қийин. Улар ўз мамлакатларининг президентларини олқишловчи пропагандик материаллар алмаштириш билангина шуғулланишса, обрўлари яна ҳам тушади, холос. “Жаҳон” агентлиги “Тренд”дан ҳақиқий хабарлар олиб тарқатишни бошлашини эса, ҳаёл ҳам қилиб бўлмайди.