09 January 2011
21:46 - Калининградда мачит қурилишига қарши навбатдаги пикет бўлди, бу кетишда Исломнинг келажаги нима бўлади?
Русларнинг “Интерфакс” агентлигининг хабарига кўра, бугун Калининград шаҳридаги Москва туманида яшовчилар “Южний” паркининг олдида мачит қурилишига қарши пикет ўтказдилар. Ҳокимликнинг рухсати билан ўтказилган пикетда тахминан 100 киши иштирок этган. Митингчиларнинг қўлида парк олдидаги дарахтларни кесиб ташлашни ва уларнинг ўрнига қурилаётган мачитнинг қурилишини тўхтатишни талаб қилувчи плакатлар бор эди.

Пикет ташкилотчилари ўз талабларини қўллаб-қувватлаётган 10 минг кишининг имзосини тўплаганларини ҳам билдирганлар. Уларнинг фикрича, шаҳар ҳокимияти мачит қуриш учун рухсатномани мавжуд қонунларни бузиб берган. Пикетчилар бундан кейин оммавий митинглар ўтказишга қарор қилдилар. Ҳозир бу вилоятда биттагина мачит бор, у ҳам бўлса вилоятнинг Большое Исаково қишлоғида 2010 йилда ишга тушган.

Хабарда айтилишича, шаҳарнинг мусулмонлар жамоаси 1993 йилдан бери мачит қуриш учун ҳаракат қилмоқда. Ҳозир мачит қурилаётган жой аҳоли яшайдиган масканлардан бироз узоқда бўлиб, бу ерда фақат бизнесс объектлари бор.

Мухбиримизнинг фикрича, Калининградда мачит қурилишининг келажаги нима бўлишидан қатъий назар, Ғарбда мусулмонларнинг диний иншоатлар яратиш йўлидаги ҳаракатлари борган сари кўпроқ қаршиликка учрайверади. Кейинчалик бор иншоатларни бузиб ташлаш кайфияти пайдо бўлиши ҳам муқаррар. Бунинг асосий иккита сабаби бор.

Биринчиси, ҳозир Ғарб ва Ғарб қадриётларига қарши фаолият олиб бораётган жаҳон террорчилик ҳаракатларининг асосий қисми Ислом байроғи остида иш олиб бораётгани ва Ислом дунёси буни қораламаётгани.

Иккинчиси, Ислом дини давлат исломий бўлиши кераклиги ҳақидаги позицияда тургани, бу эса демократиянинг устунларидан бири бўлмиш дунёвийлик принципига қарши бўлгани.

Кўриниб турибдики, Ғарб секин-аста, ҳатто катта қурбонлар эвазига бўлса ҳам, Ислом дунёсини бу икки нуқтада чекинишга мажбур қилади. Ислом дунёси ахир бир кун ислом терроризмини қоралайди ва дунёвийлик принципини қабул қилади.

Аслида, бу нуқталарда чекиниш Исломнинг мағлубияти эмас, чунки:

- биринчидан, у қайси байроқ остида ҳаракат қилаётган бўлмасин, ҳар қандай терроризмни қоралаш Исломнинг инсонпарварлик тамойилларидан ҳам келиб чиқади.

- иккинчидан, сайтимизда кўп марта таъкидланганидек, давлатчилик - жамиятни бошқариш системаси, қолаверса, воситасидир. Транспорт воситаси бўлган автомобиллар, ёки алоқа воситаси бўлган телефонлар диний бўлолмагани каби, бошқарув воситаси бўлмиш давлат ҳам принцип ўлароқ диний бўлолмайди. Демак, Исломда давлатнинг исломий бўлиши кераклиги ҳақидаги фикрлар Қуръонни хато тафсир этишдан келиб чиққанлигини тан олиш вақти келди.

Муҳим бўлгани, Ислом дини ТЎҒРИ ЙЎЛГА бировларнинг босими остида эмас, ўзи ўтиши керак, Исломда ислоҳотлар бошлаш шарт. Бундай ислоҳотларнинг қайси йўналишда бўлиши кераклиги сайтимизнинг “Актуал Мавзу” бўлимидаги бир қатор мақолaларда муҳокама қилинган.

Динимиз учун фундаментaл бўлган масалаларни мусулмон уламолари эмас, мусулмон демократлари кўтараётгани уламоларимизнинг аянчли аҳволини кўрсатади, холос.