08 January 2011
03:33 - Сирдарё вилояти прокуратураси: “Диверсантларга берилган жазо адолатли!”
Аввалги хабарларимизда қўпорувчиликда айбланиб, 7 йилдан 12 йилга қадар қамоқ жазоларига ҳукм қилинган сирдарёлик 10 нафар шахснинг иши апелляцияда кўрила бошлагани ҳақида хабар қилгандик. Бугунги суд мажлисида сўнгги судланувчи Давроншоҳ Маҳмадиевнинг кўрсатмалари (аввалги мажлисларда бошқалари тингланган - Ҳаракат) тингланди. Унинг таъкидлашича, дастлабки тергов жараёнларида унга нисбатан шафқатсиз қийноқлар қўлланилган ва терговчилар унга миллатчилик руҳида муомала қилганлар: “Сен тожикни ким ҳам эшитарди, билиб қўй, бу ер Ўзбекистон!...”. Ҳатто ўзбекни ҳам тингламаётган зўровон миршаблардан шикоят қилган 20 яшар Давроншоҳнинг онаси ўзларининг тожик эканини таассуф билан таъкидлади.

Сўнгра тарафлар музокарага ўтиб, давлат айбловчиси ҳукм кучида қолдирилишини сўради. Прокурорнинг таъкидидан сўнг судланувчилар ва уларнинг ота-оналари йиғлаб юборишди. Адвокатлар ўз норозилигини кескин ифода этгач, суд ажрим қилишни келаётган сешанбага қолдирди.

Эслатиб ўтамиз, жиноят иши материалларига кўра, мазкур гуруҳ ўмаргани айтилаётган “Бахт – Оқ олтин” темир йўли шпалларига “Қонхўр олбпрокурор, биз рельс ўғирламаганмиз” деб ёзиб кетилган.