25 December 2010
02:48 - Бирликчи-журналист Анвар Усмоннинг акаси Лермон Усмонов Швецияда оламдан ўтди
Тахминан 15 йилдан бери сиёсий муҳожирликда Швецияда яшаётган Лермон Усмонов 76 ёшида вафот этди. У оиласи билан Стокгольм яқинида истиқомат қилар эди.

Акасининг исми ҳақида Анвар Усмон қуйидагича изоҳ берди. Ўзбекистон пойтахти Самарқандга кўчирилгандан кейин хизмат юзасидан Тошкентдан бу шаҳарга кўчиб келиб, шу ерда яшаётган Деҳқон Усмонов тўнғич ўғлига Луқмон исми берган. Лекин унинг коммунист раҳбарлари афсоновий шахснинг исми чақалоққа берилаётганидан ҳам даҳшатга тушиб, исм ўзгартиришни талаб қилишган. Ўша кунларда улуғ рус ёзувчиси Михаил Лермонтовга бағишланган қандайдир тадбирлар ўтказилаётгани сабабли, бошланғич партия комитетининг аъзоларидан бири бўлган рус аслли одам чақалоққа Лермон исми беришни таклиф қилибди ва шу-шу Луқмон Лермон бўлиб қолибди.

Кейинчалик рус филологияси билан шуғулланиб, бу соҳада докторлик диссертацияси ҳам ёқлаган Лермон ака ўз исми атрофидаги саргузаштни ўзи ҳам завқ билан айтиб берар ва ўзига шундай исм берилгани билан маълум маънода фахрланар ҳам эди.

Айни замонда, Лермон ака мустақилликка эришган Ўзбекистонда тоталитар режим тикланаётганидан роҳатсиз бўлиб, роҳатсизлигини яширмасди ҳам. Ўзига қарши бошланган босимлар уни мамлакатни тарк этишга мажбур қилди. У Швецияда яшаётган йиллари Москвада чиқадиган “Московские новости”, “Независимая газетеа” каби нашрлар билан ҳамкорлик қилиб, Ўзбекистондаги режимни фош қилувчи мақоллар ёзди.

Юртидан олисда оламдан ўтган Лермон акани Оллоҳ раҳмат айласин, жойи жаннатда бўлсин.