24 December 2010
13:06 - Путин билан учрашган Гуржистон мухолифатчиси партия лидерлигидан олиб ташланди
Аввалги хабаримиздан маълумки, 21 декабрь куни Москвада “Фашизмга қаршу курашда бирга эдик” номли мемориалнинг очилишида Россия ҳукмдори Владимир Путин билан биргаликда Гуржистон парламентининг собиқ спикери, ҳозир президент Саакашвилига қарши ашаддий мухолифатчилик қилаётган “Бирлашган Гуржистон” партиясининг раиси Нино Бурджанадзе ва “Адолатли Гуржистон учун” партиясининг раиси Зураб Ногаидели иштирок этишганди. Очилишдан кейин, Владимир Путин Нино Бурджанадзени алоҳида қабул ҳам қилган. Эслатиб ўтиш керакки, Путин сўнгги ойларда Бурджанадзе билан бир неча марта учрашувлар ўтказди.

Демократлигини иддао қилаётган Нино Бурджанадзе ва Зураб Ногаиделининг Гуржистон ҳудудларининг бир қисмини босиб олган Рооссия диктатори билан учрашувлари миллий сотқинликдан бошқа нарса эмас. Гуржилар вақти келиб бундай хоинларга албатта керакли баҳони берадилар.

Айтиш мумкинки, баҳо бериш, маълум маънода бошланди ҳам. “Грузия Online” сайти тарқатган хабарга кўра, кеча “Адолатли Гуржистон учун” партиясининг қурултойи иш бошлади. Қурултой делегатлари партия раиси Зураб Ногаиделини истеъфога жўнатдилар. Табиий, бунинг сабаби – унинг Путин билан Москвадаги мемориалнинг очилишида бирга бўлганидир.

Нино Бурджанадзенинг “Бирлашган Гуржистон” партияси ҳам, хоинлик тамғасидан қутилмоқчи бўлса, шундай қилиши керак.