09 December 2010
21:31 - Шаҳрисабзда ҳуқуқ ҳимоячиси Жамила Рўзие
Жиноят ишлари бўйича Шаҳрисабз тумани суди томонидан Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамиятининг собиқ аъзоси Жамила Рўзиевага нисбатан маъмурий тартибда жазо қўлланилиб, 15 суткага озодликдан маҳрум қилинган. Бу ҳақдаги хабарни тасдиқлаган Ҳуқуқ ҳимоячиларининг Ташаббус гуруҳи вакили Жўра Муродов Рўзиеванинг суд жараёнида бир дақиқа у билан телефон орқали боғлангани ва бу маълумотни етказганини айтди.

Маълум бўлишича, норозилик намойиши ўтказмоқчилиги учун ҳуқуқбузар деб топилган Жамила Рўзиева электр энергияси тўловидан қарздор бўлган шаҳрисабзликларнинг манфаатларини ҳимоя қилмоқчи бўлган. Унинг ўзи ҳам электр энергияси тўловидан 191 400 сўм қарздор экан.

Жамила Рўзиева 2001 йилда Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигининг ертўласида ўлдирилган “Бирлик” халқ ҳаракати Қашқадарё вилоят ташкилотининг раиси, собиқ Ўзбекистон халқ депутати Шовруқ Рўзимуродовнинг бевасидир.