30 November 2010
03:27 - Жондор туманида 300 нафар фуқаро норозилик акцияси уюштирди, вазият таранглашган
Бухоро вилоятининг Жондор тумани Ойтуғди қишлоғида бир неча кундан бери давом этаётган ер жанжали бугун ўзининг кульминацион нуқтасига кўтарилди. 300 нафардан ортиқ фуқаро мустақилликнинг дастлабки йилларида аҳолига фойдаланиш учун берилган 10 сотихлик ерларнинг қайтариб олинишидан норозилигини ифода қилиб, туман ҳокими қарори бекор қилинишини сўрамоқда. Ҳоким қарори билан аҳолига томорқа учун ажратилган ерлар 18 йилдан сўнг давлат заҳирасига қайтарилган ва бу участкалардаги экинлар ҳайдаб ташланган.

Мазкур қишлоқда яшовчи Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти фаоли Бобомурод Раззоқовга кўра, айрим оммавий ахборот воситаларида норозилик намойишчиларининг сони ҳақида нотўғри маълумотлар тарқатилмоқда. Хабарларда айтилаётганидек, норозилар сони 1500 нафар эмас, балки 300 нафар атрофида бўлиб, улар туман ҳокими Раҳим Каримовдан ўзларига ҳосилдор ерлар беришини талаб қилмоқда.

Қишлоқда вазият таранглашган, милиция отрядлари қишлоқни назорат қилмоқда, дейди ҳуқуқ ҳимоячиси.