28 November 2010
06:42 - “Ҳаракат” хатқутисидан: “Муродилло Холмуҳамедов - Президентнинг душмани!”
Мазкур хатим бир қанча республика газеталарига, телевидение ва радиога юборилган, лекин ҳеч бир жойда чоп қилинмади. Янаям тўғрироғи, мен мурожаат қилган оммавий ахборот воситалари ходимларини ҳозирги кунда Самарқандда илондек семириб, аждаҳога айланган Самарқанд вилояти касб-ҳунар таълими бошқармаси бошлиғи Муродилло Холмуҳамедов оғзини мойлади. Аксинча, Президентимиз касб-ҳунар таълими соҳасига эътибор қаратиб, соҳани ривожлантиришни талаб қилаётган бир пайтда бу каби порахўр, жирканч кимсага соҳада ўрин йўқ эди.

Ҳозирда вилоят ҳокими Ўктам Барноев, Республика касб-ҳунар таълими маркази директори, Олий ва ўрта махсус таълими вазирининг биринчи ўринбосари Шавкат Жавлоновни бир неча минглаб АҚШ доллари миқдорида пора билан таъминлаётган бу шахсни жавобгарликка тортадиган куч йўқ. Пулга, бойликка сиғинадиган самарандлик прокурорлар, милиция органлари, суд ва МХХ Холмуҳамедовнинг қилмишларидан кўз юмиб келмоқда. Масалан, Муродулло Холмуҳамедов яқинда Ўктам Барноевга 20 000 АҚШ доллари миқдорида пора берди. Республика касб-ҳунар таълими маркази директори Шавкат Жавлоновнинг би ой аввал ўтказган тўйи харажатларини кўтариб, бу шахсни бир умрга қарздор қилиб қўйди.

Жаноб Холмуҳамедов Самарқанд вилояти ҳокимлиги ўрта махсус касб-ҳунар таълими бошқармаси тизимидаги барча коллеж ва лицейларни деярли ўз мулки ҳисоблаб, бирор шахсни раҳбар лавозимига порасиз тайинламайдиган бўлди. Энг даҳшатлиси, ана шу пораларда вилоят прокурори, ИИБ раҳбари, МХХ бошлиғи, вилоят ҳокимининг доимий улуши бор. Коллежлар қуриш, таъмирлашга ажратилган, ижтимоий соҳани ривожлантиришга қаратилган бир неча миллиардлаб маблағлар бу кимса томонидан ўзлаштирилиб, давлатнинг кўзи бўялмоқда.

Бир неча коллежларинг раҳбарлари сўраган порасини бермагани учун Муродилло Мамудович томонидан бўшатилиб, бадном қилинди. “Ким шикоят ёзса, шикоятлари ўзимнинг қўлимга келади, Шавкат Сардоровични тилини қисиқ қилиб қўйганман, ...тини қисиб юрмаса, уни бир ҳамла билан тинчитаман” деб мақтанади Холмуҳамедов. Афсуски, бу гапларга ишонмасликнинг иложи йўқ, республика органларига йўлланган ҳар қандай ариза ва шикоят Шавкат Сардорович орқали Холмуҳамедовнинг ўзига қайтарилади.

Муродилло Холмуҳамедовнинг устидан шикоятлар кўпайгани сари унинг мавқеи мустаҳкамланиб бормоқда. Боиси бу жаноб пулнинг бетига қарамайди, пора беришнинг йўлларини яхши билади. Аслида касб-ҳунар таълими соҳасини равижлантиришга жон куйдираётган муҳтарам Президентимизнинг душмани бўлган бу одамни ким тўхтатади, ҳайронмиз?! Менинг бу ёзганларимдан сўнг балки у кишининг мавқеи яна-да мустаҳкамланар, бу ҳуқуқни муҳофаза қилиш оргналари раҳбарларининг виждонига ҳавола, лекин мени “Айтсам тилим, айтмасам дилим куяди” деган мақол қоғоз қоралашга ундади.

Илтимос, ёзганларимни халқ эшитсин, ёрдам қилинг!
Ҳусан Фозилов
Самарқанд шаҳри