27 November 2010
00:15 - Роза Отунбаева бир ҳафта ичида икки марта Владимир Путин билан учрашди, АҚШ четда қололмайди, навбат Ҳиллари Клинтонга
Рус ва қирғиз агентликларининг хабарларидан маълумки, Қирғизистоннинг вақтли президенти ва Вақтли ҳукуматининг раҳбари Роза Отунбаева Санкт-Петербургда ўтказилган Евросиё Иқтисодий Ҳамжамиятига кирувчи мамлакатлар бош вазирларининг 19 ноябрдаги ва ШҲТнинг кеча Душанбеда бошланган бош вазирлар йиғилишлари доирасида икка марта Россиянинг хўжайини Владимир Путин билан учрашди.

Яна шу ҳам маълумки, тамомийла Кремлнинг қўғирчоғи бўлган Қирғизистондаги мавжуд режим раҳбарларини Москва қучоғидан озгина бўлса ҳам узоқроқда тутишга интилаётган АҚШ маъмуриятининг саъй-ҳаракатлари, умуман олганда, натижасиз қолмаяпти. Ўзи оғир аҳволда бўлган Россияга тўла суянишнинг хатарли эканлиги тушунаётган Қирғизистон раҳбарлари Ғарбдан юз ўгирмаяптилар.

Шу сабабли, русларнинг расмий “Новости” агентлиги Қирғизистон ҳукуматидаги манбаларига асосланиб, АҚШ Давлат Котиби Ҳиллари Клинтон Бишкекка келиши мумкинлиги ҳақида тарқатган хабарига тўла ишониш мумкин. Қизиғи шундаки, қирғизларнинг на расмий ва на норасмий агентликлари ҳали бу ҳақда ҳеч қандай хабар тарқатишмади. Яъни, маълумот атайлаб русларнинг агентликлари воситасида тарқатилган, тўғрироғи, аввало бу ҳақда маълумот Россия ҳукуматига берилган.

Тахмин қилиш қийин эмаски, Ҳиллари Клинтон 1-2 декабрь кунлари Остонада бўладиган ЕХҲТ саммитига келиш ёки у ердан кетиш йўлида Бишкекка кириб ўтади. Рамзий аҳамиятга эга бўлган бу ташриф замонида ҳеч қандай жиддий масала гашлашилмаслигини ҳам башорат қилиш қийин эмас.

Агар Ҳиллари Клинтон Бишкекка келса, унинг Тошкентга ўтиш эҳтимоллиги янада кучаяди. Аммо бу ерда ҳам жиддий музокаралар бўлишини кутиб бўлмайди. Агар Ҳиллари Клинтон Остона ва Бишкекдан кейин Тошкентга келмаса, Ислом Каримнинг қанчалик шарманда бўлишини тушуниш мумкин.