10 November 2010
05:50 - Ўзбекча масхарабозлик: Фарғона вилоятининг Учкўприк туманида инсон ҳуқуқи ва эркинликларга бағишланган ёшлар семинари
ЎзА тарафидан тарқатилган расмий хабарга кўра, Ўзбекистон Адлия вазирлиги Фарғона вилояти Учкўприк туманидаги Транспорт ва қурилиш келлежида “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси – инсон ҳуқуқ ва эрканликлар кафолати” мавзуида семинар ўтказибди. Унда вазирлик ходимлари, вилоят ва туман ҳокимлиги ходимлари, ҳуқуқшунослар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашишибди. Семинар қачон бўлгани ҳам айтилмаганидан тахмин қилиш мумкинки, бундай тадбир умуман ўтказилмаган, хабар эса, Ўзбекистоннинг расмий доираларига хос бўлган оддий масхарабозликдир.

Лекин, фараз қилайлик, шундай семинар бўлди ҳам. Ҳуқуқ ва эркинлик нималигини ҳам билмайдиган ўша коллеж талбалари олдида Адлия вазирлигининг вакиллари қандай ҳуқуқ ва эркинликлар ҳақида гапиришди экан? Бутун дунёда партияларни рўйхатга олиш, туғилган болани рўйхатга олишдек оддий воқеага айланган пайтда, бизнинг Адлия вазирлиги биронта мухолифат партиясини рўйхатга олмаётганиними? “Бирлик” Партияси салкам 25 минг аъзосининг имзоси билан вазирликка ҳужжатларини топширган бўлса ҳам, 7 йилдан бери унинг аризасига вазирлик раҳбарияти жавоб бермаётганиними? Вазирликнинг бошқармаси партия аъзоларининг имзолари 95 фоиз сохта эканлигини айтиб, бу гўёки сохта имзолик аъзолар рўйхатини партияга беришдан қочиб келаётганиними?

Хуллас, ростдан ҳам Учкўприкда шундай семинар бўлган бўлса, водийлик ёшларимизга ҳуқуқ ва эркинликлар эмас, масхарабозлик ва манқуртлик дарси берилган.