10 November 2010
02:41 - Ўзбекистон ва Эрон режимлари гўё савдо-иқтисодий алоқаларни кучайтирмоқчи
Маҳаллий матбуотда пайдо бўлган хабарларда таъкидланишича, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Владимир Норов кеча Теҳронда маҳаллий ҳамкасби Манучеҳра Мотаки билан музокаралар ўтказа бошлади. Бирмунча умумий бўлган хабарлардан англашилишича, Эрон Ташқи ишлар вазири мамлакатимиз билан транспорт ҳамда транзит масаласидаги ҳамкорликни кучайтиришга чақирган. Хабарларда айнан шу масалага эътибор қаратилиши Ўзбекистонга тегишли транзит юкларнинг Эронда ушлаб қолинаётганини ёдга солади. Норовнинг Эронга сафари айнан шу сабабли амалга оширилган бўлса ажабмас.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон расмийларининг Тожикистонга тегишли юк вагонларини тутиб туришига жавобан форсийзабон бирдамлик нуқтаи назаридан Эрон ҳукумати мамлакатимизга тегишли транзит юкларни ўз ҳудудида тутиб қолганди. Бундан бир муддат аввал ҳам Норов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси Теҳронда фойдасиз музкоаралар олиб борган, дейди мухбиримиз. Янги музокаралар фойдали бўлиши ҳам даргумон.